Жаҳон | 12:01 / 26.06.2016
17730
2 дақиқада ўқилади

Оятуллоҳ Хоманеий: ИШИД Эронни йўқ қилиш учун ташкил этилган

Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийнинг фикрича, ИШИДни ташкил қилганларнинг бош мақсади Эронни барбод этиш бўлган.

"ИШИД террорчи ташкилотига Эронни йўқ қилиш мақсадида асос солинган. Ироқ ва Шом (Суриянинг тарихий номи) эгалланиши бу мақсад йўлидаги биринчи босқич. Лекин бу урушда Эроннинг душманлари мағлуб. Улар Эрон Ислом Республикасининг нечоғлиқ қудратли эканини тўғри чамалай олишмаганди. Эрон ўзини тиз чўктирмоқчи бўлганларни тиз чўктиради", дея қайд этган Хоманеий Теҳронда ўтказилган 7-тир воқеалари қурбонлари хотираси учун ташкил этилган маросим вақтида.

1981 йилнинг 28 июнида (Эрон йил тақвими бўйича 7-тир) Ислом Республикаси партияси (ИРП) қароргоҳида портлаш содир этилган. Бу теракт учун жавобгарликни Эрон халқ мужоҳидлари ташкилоти (ЭХМТ) ўз зиммасига олган. Бу ҳужум натижасида эронлик 70 нафар сиёсатчи ҳалок бўлган. Улар орасида партия бош котиби, Эрон суд ҳукумати раҳбари оятуллоҳ Муҳаммад Беҳиштий ҳам бўлган. Ўтган аср охирида ЭХМТ томонидан эронлик расмий амалдорларга бир қатор ҳужумлар уюштирилган. Эрон ҳукумати Ғарб томонидан мамлакатнинг террорчиларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги даъволарига жавобан Эрон терактлардан жабрланувчи давлат эканини айтиб келади.