Жамият | 12:35 / 01.07.2016
19620
4 дақиқада ўқилади

Бегоналашув феномени

“Бугун онам ўлди. Ё кечамикан, билмайман”... Буюк француз адиби Албер Камюнинг машҳур “Бегона” асари ана шундай сўзлар билан бошланади.

Бош қаҳрамон Мерсо ҳеч нарсага қизиқмайди ва ҳеч кимга меҳр қўймайди. Ҳатто қариялар уйида яшайдиган онасига ҳам бефарқ. Унинг вафотини совуққонлик билан қабул қилади, барча маросимларни бефарқлик билан адо этади. Қотиллик содир этганининг сабаби сифатида “кўзига қуёш тушгани”ни келтиради. Судда ўлим жазоси ҳақидаги қарор ўқиб эшиттирилганда ҳам Мерсо буни хотиржам қабул қилади. Ҳатто сўнгги сўзни айтиш ҳуқуқидан ҳам воз кечади.

Нима учун Камюнинг қаҳрамони атрофдагилар ва ҳатто ўз ҳаётига нисбатан бу қадар бефарқ? Балки бу унинг ўзи ва жамият ўртасида боғлиқликни сезмай яшаганидандир? Жамиятни одамлар ташкил қилади, агар Мерсо унинг аъзоси бўлмаса, у ҳолда ким? Шунинг учун ҳам   Камю асарини “Бегона” деб номлади.

Дастлаб “Бегона” жамиятда катта норозиликларга сабаб бўлган. Танқидчилар киши бу даражада бефарқ бўлиши мумкин эмаслигини айтган. Қолеверса, адибнинг бегоналашув ҳақидаги ғоялари ҳам кескин қаршиликка учраган. “Абсурд” – Камю адабиётини бир овоздан шундай номлашди.

Орадан йиллар ўтиб, сафсата деб қораланган асарда ҳақиқат борлигини дунё тан олди. Бегоналашув феноменининг мавжудлигини социология ва психология исботлади. 

Хўш, бегоналашув аслида нима? Бугунги жамият ҳаётида у қанчалик мустаҳкам ўрнашиб олган?

– Бегоналашув  – инсон ва унинг жамиятдаги ўрни, мақоми, мавқеи ва у бажарадиган вазифаси ўртасидаги азалий боғликликнинг узилишидир, – дейди “Миллий ғоя” илмий-амалий маркази раҳбари Муҳаммаджон Қуронов, – Инсон ва жамият муносабатларидаги меъёрнинг бузилиши, инсоннинг ўз моҳиятини белгиловчи хусусиятлардан маҳрум бўлиб, жамиятда ўз ўрнини тополмаслиги бегоналашувнинг туб илдизини ташкил қилади.

Бегоналашув - бу инсоннинг ўз моҳиятидан узоқлашишдир. Бу муаммони немис мутафаккири Эрих Фромм жуда яхши ишлаб чиққан. Замонавий жамиятни Э. Фромм инсон моҳиятини «машиналаштириш», «компьютерлаштириш» ва «роботлаштириш» жараёнлари туфайли бегоналашувнинг бир маҳсули, деб таърифлайди. Бунинг исботи сифатида Ғарбда кузатилаётган жамиятнинг «атомлашуви» жараёнини келтириш мумкин.

Бу дегани, жамиятда икки кишини боғлайдиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар орасида автоном турмуш тарзи кенг ёйилиб кетмоқда. Нима қилмоқ керак? Ижтимоий бегоналашувни бартараф қилиш учун инсонларни бир-бирлари билан муносабатлари, муаммоларини ҳақиқий бирдамлик ва ҳамкорлик асосига қуриш керакки, шунда ҳар бир инсон ўзини бошқалар ҳам учун керак эканлигини чин юракдан ҳис қилсин.  

“Инсондаги руҳият тобора сўниб бормоқда. Руҳ сустлашганда эса инсон тубанлашиб кетади”, – немис файласуфи Фридрих Ницше ана шу тубанлашишни бегоналашув деб атаган. Илм аҳлининг “Бу руҳни тиклай оладиган куч мавжудми?” деган саволига Ницше “Ирода кучи” деб жавоб берган. “У орқали киши нафақат ўз ички дунёси, балки ташқи муҳитни ҳам ўзгартириб юбориш мумкин”. Бу билан Ницше нима демоқчи? Лоқайдликни енгиш, жамиятда ўз ўрнини  топиш ва одамлар орасидаги азалий боғлиқнинг узилмаслиги – барчаси инсоннинг ўз қўлида экан-да? Буни турли ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан изоҳлайдиганлар хато қилмаганмикан? Ахир, ирода кучи тақшарида эмас, инсоннинг ўзида-ку...

Моҳларойим ҚАЮМОВА

Мавзуга оид