Жаҳон | 12:33 / 01.07.2016
11116
2 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг: Хитой ўз ҳуқуқлари ва суверенитети поймол этилишига жим қараб турмайди

Хитой ўзга мамлакатлар манфаатларига ҳурмат билан қарайди, аммо шу билан бирга у ҳар доим ўз қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва ўз суверенитети ҳамда хавфсизлиги сиқувга олинишига жим қараб турмайди. ХХР Раиси Си Жинпинг ХКП ташкил топганига 95 йил тўлиши муносабати билан бошланган мажлис чоғида шундай сўзлар билан чиқиш қилди.

"Хитой ўзга мамлакатлар ҳуқуқларига тажовуз қилмайди, уларнинг ривожланишига ҳасад кўзи билан қарамайди, шу билан бирга, ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан ҳеч қачон воз кечмайди. Хитой халқи ёвузлик ва кўнгилсизликлардан қўрқмайди. Ҳеч бир мамлакат биз ўз туб манфаатларимиз билан савдолашишимизга, суверенитетимиз, хавфсизлигимиз ва ривожланиш манфаатларимиз сиқувга олинишига чидаб туришимизга умид қилмаслиги лозим", — деб таъкидлади Си Жинпинг.

Си Жинпинг, шунингдек, "Хитой тинч тараққиёт йўлидан дадил бориши ва ташқи сиёсатни ҳамкорлик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида юритиши"ни қўшимча қилди.

У Хитой "совуқ уруш" мафкурасига қарши чиқиши, Хитой ўзга мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслиги ва ўз қарашларни чет давлатларга зўрлаб ўтказмаслигини таъкидлади.