Фан-техника | 18:35 / 02.07.2016
11476
2 дақиқада ўқилади

Google Play'да дастурлар ва ўйинларнинг тест версияларини ўрнатиш имконияти пайдо бўлди

Кўплаб ишлаб чиқарувчилар ўз иловаларини синаш учун аввал дастлабки версияларни чиқаришади. Тест синови иштирокчилари энг янги функцияларга кириш имконини биринчи бўлиб қўлга киритишади. Бета-версияларнинг бонуси уларнинг бепуллигидадир.  

Илгари Android учун бета-версияларни топиш қийин эди. Бунинг учун "Google+"да ишлаб чиқарувчининг саҳифасини излаб топиш, махсус ҳавола бўйича ўтиш, сўнгра тест версияга илова янгиланишини кутиш талаб қилинар эди. Энди эса тест синовига қўшилиш учун зарур бўлган барча нарсалар Google Play'нинг иловалар каталогида мавжуд. 

Энг аввало Google Play'нинг бош экранида янги "Бета-версия синови" бўлимининг пайдо бўлганини эътироф этиш лозим. Номидан маълумки, ундан хали ишлаб чиқаришда бўлган, лекин дастлабки версия сифатида юклаб олиш мумкин бўлган илова ва ўйинлар ўрин олган.

Агар сиз бу бўлимдан бирорта дастурни юклаб олсангиз, у ҳолда унинг иконаси "Менинг иловаларим ва ўйинлар" экранида пайдо бўлади. Бу ерда шу каби элементлар учун "Бета-версиялар" деб номланган махсус бўлим мавжуд. 

Хўш, агар бета сизга ёқмаса ва сиз барқарор янгиланиш каналига қайтишга қарор қилсангиз, қандай йўл тутиш мумкин?

Бунинг йўли жуда осон. Ушбу дастурнинг Google Play'даги карточкасини очинг ва энг қуйи қисмига тушинг. Бу ерда сиз тест синови иштирокчиси эканлигингиз ҳақидаги хабарни ҳамда бундан воз кечиш мумкин бўлган тугмани кўрасиз.  

Google Play'да бета-синовлар учун функцияларнинг яратилиши ҳаммага ҳам қизиқ эмас, албатта, бу қизиқувчан ва сабрсиз инсонлар учун айни муддаодир. Сиз ҳам шундай инсонлар қаторига кирасизми? Унда бу айнан сиз учун!
 

Мавзуга оид