Спорт | 18:08 / 03.07.2016
10748
2 дақиқада ўқилади

Ҳектор: Пенальти тепишга тўғри келишини кутмагандим. Зарба беришдан олдин тиззаларим қалтираётганди

Германия терма жамоаси ҳимоячиси, Европа чемпионати чорак финалида Италияга қарши ўйиндан кейин пенальтилар серияси вақтида ғалаба келтирган зарбани ижро этган Йонас Ҳектор унгача навбат етиб келишини кутмагани ҳақида айтиб ўтди.

«Пенальти тепишимга тўғри келар деб ўйламагандим. Мен навбат бўйича тўққизинчи эдим. Навбатим келганида нуқтага боришдан ўзга чорам қолмаганди.

Мен ўзимга-ўзим буни уддалай олишимни айтиб, пичирлай бошладим. Тўпга томон борар эканман, қайси томонга тепишни белгилаб олдим.

Тиззаларим қалтираётганди. Омадим бор экан, тўп дарвозага кирди. Қайси бири яхши, ўйиннинг асосий вақтида ғалабани нақд қилишми ёки шундай ҳаяжонли паллалардан кейинми, буни аниқ айта олмайман. Ҳозир биз ёқимли ҳислар оғушидамиз», – деган Ҳектор.

Эслатиб ўтамиз, кеча Германия ва Италия ўртасидаги учрашувнинг асосий вақтида ва қўшимча бўлимларда ғолиб аниқланмаганч, пенальтилар серияси бошланди ва унда томонлар 9 мартадан зарба ижро этишди. Италия дарвозабони Жанлуижи Буффон барча зарбаларнинг йўналишини аниқ топди, лекин фақат 3тасини қайтарди. Италия вакили Дармиан тўққизинчи бўлиб зарба берганида немислар дарвозабони Мануэль Нойер аниқ ҳаракат қилди. Немислар томонидан тўққизинчи бўлиб зарба берган Ҳекторнинг ҳаракатини ҳам Буффон олдиндан пайқади, лекин тўп унинг қўллари орасидан ўтиб кетди. Натижада Германия 6:5 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.