Ўзбекистон | 20:18 / 08.07.2016
16414
2 дақиқада ўқилади

365 кунлик таътил: Швейцариялик сайёҳлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишмоқда

Швейцариялик Магали ва Дэвид 365 кунлик меҳнат таътилига чиқиб, Истанбулдан Сиднейга саёҳатга отланишди. Апрель ойида саёҳатни бошлаган жуфтлик июль ойининг бошида, яъни саёҳатнинг 90-куни йўналишдаги олтинчи мамлакат – Ўзбекистонга етиб келишди. 

«Газета.uz» маълумотига кўра, пойтахтда бироз муддат бўлган швейцарияликлар тарихий обидалар, маданият, турмуш тарзи ва маҳаллий ошхона билан танишиш мақсадида аввал Хивага, сўнг Хоразм билан чегарадош Қорақалпоғистонга йўл олишди. Олдинда эса  – Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари. 

Магали ва Дэвид ўз саёҳатлари ҳақида 365daysoff.ch («365 кунлик таътил») блогида ҳикоя қилиш билан бирга фотосуратлар ва видеороликлар ҳам тақдим этиб боришади. 

Тошкент ҳақидаги тасаввурлари билан бўлишган швейцариялик жуфтлик унга “замонавий ва жуда озода шаҳар” дея баҳо беришади, мамлакатга кириш эса улар учун интернет тармоқларида тасвирлангандек қийин бўлмаганини таъкидлашди. “Ҳеч ким биздан телефон ва ноутбукларимиздаги сурат ва видеоларни кўрсатишни сўрагани йўқ, шунингдек ўзимиз билан олиб кетаётган дорилар ҳам ортиқча текширилмади”, - деб ёзишди сайёҳлар. 

Ҳозирга қадар кўрганлари орасида уларга Тошкентнинг Эски шаҳар қисми ва Қорақалпоғистондаги қадимий қалъалар ёққанини айтишган. Шунингдек иссиқда чанқоқни қолдирувчи шарбатларимиз уларга жуда маъқул келган. 

Магали ва Дэвид Хивада  велосипедда ҳаракатланишган. “Анчадан бери автомобиллар юриши тақиқланган ерларда бунчалик маза қилмаган эдик”, - деб ёзилган Хива бўйлаб велосаёҳат видеоси остида.

Мавзуга оид