Спорт | 18:36 / 12.07.2016
16803
7 дақиқада ўқилади

Евро-2016 турниридаги иштироки туфайли кучли клубларга йўл олиши мумкин бўлган 10 футболчи

Аркадиуш Милик, Йонас Ҳектор, Сигурдссон ва яна бошқа бир қатор футболчилар Европа чемпионатидаги иштироки орқали ўзларига диққатни жалб этди. Бу футболчилар айни вақтда кучлироқ жамоалар назарига тушган.

Андре Гомеш, Португалия

Гомешнинг нақадар талантли футболчи эканини Ла Лига мухлислари у ўтган мавсумда кўрсатган ўйинлар орқали билиб улгуришган. У «Валенсия»да ўзини ҳар томонлама кўрсатди ва жамоанинг ўнг қанотида тезлик ҳамда ижодкорликни таъминлади. У шундай ишни Португалия терма жамоасида ҳам намойиш этиб, Европа чемпионига айланди. Мухлислар ҳозирданоқ Гомешнинг «кўршапалаклар» жамоасини тарк этишига тайёрланишмоқда. У «Барселона»да Дани Алвеснинг ишини давом эттириши кутилмоқда.

Аркадиуш Милик, Польша

Роберт Левандовскига Польша терма жамоаси ҳужум чизиғида шерик ҳисобланадиган ёш футболчига катта умид билдирилмоқда. Евро-2016 давомида Милик ўзини ёрқин кўрсата олмади, лекин ҳимоячилар Левандовскидан кўра уни қўриқлашга кўпроқ эътибор қаратишгани кўп нарсадан далолат. Турнирда «Аякс» ҳужумчиси битта гол урди, лекин юқори савияли ҳужумчилар даражасида ҳаракат қилди. Экспертлар Милик Эредивизия даражасини босиб ўтгани ҳақида айтишмоқда. Ҳозирча «Эвертон» ушбу футболчига қизиқиш билдирмоқда. 

Йонас Ҳектор, Германия

Германия терма жамоасидаги ўзига хос футболчи. Ҳектор узоқ вақт давомида ҳаваскор футболчи сифатида фаолият кўрсатган. У Бундеслигада 24 ёшида дебют қилган ва 1,5 йил аввал илк марта Германия терма жамоасига чақирув олган. Лекин у ҳозирда «бундестим»нинг алмаштирилмас футболчисига айланиб бўлди. Йонас ҳимоянинг чап қанотида ҳам мудофаани ҳам, ҳужумни ҳам бирдек таъминлайди. Пенальтилар серияси вақтида айнан унинг ҳал қилувчи зарбаси эвазига Германия Евро-2016 турнири чорак финалида Италияни мағлуб этди. Ҳозирда у 26 ёшда ва у ҳозирча камтаргина «Кёльн» жамоаси аъзоси. Лекин у бу жамоада узоқ вақт қолмаслиги мумкин.

Камиль Гросицки, Польша

Гросицки Польша ёшлар жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам кўпчиликнинг назарига тушганди. Лекин унинг ўйинга жон-жаҳди билан кириши ва оғир характери ундаги салоҳият тўла намоён бўлишига тўсқин бўлиб келди. Ўз кучини Швейцариянинг «Сьон» ва «Ягеллония» ҳамда Туркиянинг «Сивасспор», Франциянинг «Ренн» жамоаларида ўтказган футболчи 28 ёшида яна терма жамоага жалб этилди. У рақиб мудофаасини тинимсиз равишда босим остида тутиб туради, Швейцарияга қарши ўйинда айнан унинг ҳаракатлари эвазига Якуб Блащиковскининг голи юзага келди. Агар Камиль шу руҳда ўйнашда давом этса, «Ренн» уни яхшигина пул эвазига сотади.

Жефф Ҳендрик, Ирландия

24 ёшли Ҳендрик Ирландия терма жамоасининг энг ёш футболчиси эди. «Зумрад ороли» терма жамоаси турнирнинг 1/8 босқичига етиб келиб, барчада яхши таассурот қолдирди. Терма жамоанинг машҳур футболчилари қаторида ёш Ҳендрик ўнг қанотдаги ўйинлари орқали ўйинларда фаол бўлди. Италия устидан қозонилган сенсацион ғалабадан кейин Жефф журналистлар қаршисига бургер ва бир шиша пиво кўтарган ҳолда чиқишдан уялмади. Ҳендрик чемпионшип вакили «Дерби Каунти»да ўйнашдан мамнун. Лекин у ўзини бошқа кучлироқ лигада синаб кўришга ҳам йўқ демаслиги табиий. 

Крис Гантер, Уэльс

Гантернинг иштиёқи ва кучи Уэльснинг турнир ярим финалига чиқиб келишида ёрдам берди. Айнан у Крис Воукснинг узатмасидан кейин бельгияликлар дарвозасини ишғол қилди. Шу билан бирга у ҳимояда ажойиб ўйин кўрсатди. Ҳозирда барча Бэйлнинг фантастик ҳаракатларини, Рэмси ва Жо Алленнинг маҳоратини муҳокама қилмоқда, Гантер эса Англия, Россия, Бельгия ва бошқа жамоаларга қарши ўйинларда қанотда устунлик кўрсатди. 26 ёшигача Крис терма жамоа либосида 70 ўйин ўтказди. У АПЛ жамоаларидан бирида муқим ўрин эгаллай олади, «Рединг» унинг трансферидан яхшигина маблағ ишлаши мумкин.

Эммануэл Жаккерини, Италия

Жаккерини бу рўйхатдаги бошқа футболчилардан фарқ қилган ҳолда муқаддам кучли жамоада ўйнаган. 2011-2013 йилларда Эммануэле  «Ювентус» аъзоси бўлган, лекин у асосий таркибга кира олмагач, «Сандерленд» сафига ўтган. Антонио Конте уни Евро-2016га олиб борди ва у ўзининг қобилиятларини яна бир бор намойиш этди. Асосий таркибда ўйинларга туширилган футболчи ўзига билдирилган ишончни оқлади. Чарчоқ билмас Жаккерини ўйинларда рақибларни доимий равишда қўрқувга солиш билан банд бўлди. Унинг гуруҳ бсоқичида Тибо Куртуа дарвозасига йўллаган голи уни турнирга олиб келгани учун Контени танқид қилганларни жим қилди. Омадли иштирокдан кейин футболчи яна кучли жамоа сафида ўйнаши мумкин.

Рагнар Сигурдссон, Исландия

РФПЛнинг Еврода энг яхши иштирок этган вакили. «Краснодар» жамоаси аъзоси бўлган исландиялик футболчи терма жамоа қўрғонига айланди. Айнан Сигурдссонининг ўйинлари миттигина давлат турнирнинг асосий сенсациясини қайд этишига имкон берди. У 30 ёшда бўлишига қарамасдан АПЛнинг бир қатор жамоалари уни ўз таркибига қўшиб олиш учун "навбатга турибди".

Майкл Макговерн, Шимолий Ирландия

У ҳақида Евро бошлангунича деярли ҳеч ким билмасди. Макговерн бутун фаолиятини шотланд клубларида ўтказган. Лекин Европа чемпионатининг гуруҳ босқичида  Майкл ўзинин юқори тоифали футболчи эканини кўрсатиб берди. Бу дарвозабон 16 сейв амалга оширди ва кўплаб нашрлар уни гуруҳ босқичининг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этишди. 31 ёшли кипер шимолий ирландияликларнинг кейинги босқичга чиқишида асосий ишни бажарди.

Ҳал Робсон-Кану, Уэльс

Робсон-Кану ҳеч қачон суперталантли футболчи саналмаган. У ўз вақтида «Арсенал» академиясида таҳсил олганди. 16 ёшида у «Рединг» билан шартнома имзолайди ва шу вақтгача бу жамоадан кетмади. Июль ойида унинг шартномаси муддати якунланди. Жамоа у билан шартномани узайтирмади. Ҳал – келиб чиқишига кўра инглиз бўлиб, ёшлигида «уч шерлар» сафида ўйнаган. Лекин у кейинчалик буваси туфайли Уэльс терма жамоасида ўйнашга қарор қилди. Робсон-Кану терма жамоанинг асосий ҳужумчиси саналмаганди, лекин у Евро-2016 давомида бир неча ўйинда ўзини кўрсатиб, айниқса Бельгия терма жамоасига урган голи орқали бир қатор клублар диққатини ўзига қаратди.

Манба: Tribuna.uz