Иқтисодиёт | 12:21 / 12.07.2016
12086
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мева ва сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни икки баробарга оширмоқчи

Фото: Sputnik

Ўзбекистон 2020 йил охирларига қадар мева ва сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни икки баробар кўпайтирмоқчи. Бу ҳақида республика бош вазири Шавкат Мирзияевнинг сўзларига асосланиб, Sputnik хабар қилди

Мирзияевнинг маълум қилишича, мамлакатнинг қишлоқ хўжалик сектори йилига 16 миллион тонна атрофида мева ва сабзавотлар етиштиради. Эндиликда бу кўрсаткични 32 миллион тоннадан кам бўлмаган даражага кўтариш керак. Бош вазирнинг фикрича, замонавий совутиш ускуналарининг яратилиши ишлаб чиқаришнинг ошишига туртки бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 800 минг тонна бўлган мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш марказлари фаолият кўрсатмоқда. 2016 йил охирига қадар умумий қуввати 100 минг тоннадан ортиқ бўлган 197та совутиш камералари қўшимча эксплуатацияга киритилади. 

"Ўзбекистонда ички ва ташқи бозорларни сифатли мева- сабзавотлар билан таъминловчи 160дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Банкларнинг 5 фоиздан кўп бўлмаган имтиёзли кредитлари уларга ривожлантириш ишларини давом эттириш имконини беради", - дея маълум қилди Мирзияев. 

2015 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда мева ва сабзавотларни ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 фоизга ошиб, 12,6 миллион тоннани, полиз экинлари - 5,9 фоизга ошиб, 1,8 миллион тоннани, узум етиштириш - 11,4 фоизга ошиб, 1,56 миллион тоннани ташкил қилди.

Мавзуга оид