Жаҳон | 18:08 / 16.07.2016
51132
9 дақиқада ўқилади

Барбод бўлган давлат тўнтаришлари

2016 йил 16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш ҳаракати содир этилди. Мамлакат ҳукумати бир кун ичида назоратни тўлиқ ўз ихтиёрига олишини маълум қилишга ҳам улгурди. Туркия миллий разведка ташкилоти эса, мамлакатдаги ҳарбий исён барбод бўлгани ҳақида баёнот берди. Давлат тўнтариши иштирокчилари томонидан қўлга олинган Туркия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Хулус Акар озод этилиб, ўз вазифасини бажаришга киришгани хабар қилинди. Қуйида, худди шу каби омадсизликка учраган давлат тўнтаришига уринишлар ҳақида маълумотларни ҳавола этамиз. 

1.  Бурундидаги давлат тўнтаришига уриниш

2015 йил 13 майида Бурунди армияси генерал-майори Годфруа Нийомбаре, давлат раҳбари Пьера Нкурунзизанинг мамлакатда йўқлигидан фойдаланиб қолишга қарор қилиб, президентнинг ҳокимиятдан четлаштирилгани ва муваққат ҳукумат ташкил этилганини эълон қилди. Генерал, ўз қарорига шарқий Африка мамлакатининг барча ҳудуди бўйлаб норозилик намойишлари ва зўравонликлар бўлаётганини асос қилиб кўрсатган эди. Одамлар, Нкурунзизанинг учинчи президентлик муддати учун ҳам лавозимини илгари суриш тўғрисидаги қароридан норозилигини шу йўл билан изҳор қилишаётган эди. Ҳукумат мухолифати, президент қарори Конституцияга зидлигини таъкидлаганди. 15 май куни Бурунди ҳарбий тўнтариши етакчиси генерал-майор Годфруа Нийомбаре, ўз тарафдорларининг таслим бўлишини эълон қилди. 

2.  Буркина-Фасодаги бостирилган давлат тўнтариши

2015 йил 16 сентябрида Буркина-Фасо президентлик гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари Вазирлар маҳкамаси биносини эгаллаб, мамлакатнинг муваққат президенти Мишель Кафандо ҳамда бош вазир бошчилигидаги ҳукумат аъзоларини қўлга олган эди. Бир неча кун ўтгач, исёнчилар президентни озод этиб, исёнчилар раҳбари генерал Жильбер Дьендере фуқаролардан узр ҳам сўрашгамажбур бўлди. Агар, ушбу давлат тўнтариши амалга ошганда, бу 2000 йилдан бери дунёда содир этилган 38-давлат тўнтариши бўлар эди. 

3.  Нигердаги амалга ошмай қолган давлат тўнтариши

2015 йил декабрида Африканинг яна бир давлати Нигерда мамлакат қуролли кучларининг 9 нафар юқори лавозимли офицери, улар томонидан режалаштирилган давлат тўнтариши амалга ошмагач, қўлга олинди. Уларнинг сирлари фош бўлишига, бир қатор офицерларнинг ҳукуматга содиқлиги ва сергаклиги сабаб эришилган. 

4.  Жанубий Суданда омадсизликка учраган давлат исёни

2013 йил 16 декабрга ўтар кечаси Жанубий Судан пойтахти Жуба шаҳрида қуролли тўқнашувлар кузатилди. Бунинг оқибатида 500 киши қурбон бўлди. Жангларда, давлатнинг амалдаги президентига содиқ ва собиқ вице-президент Риек Машар (ҳозирда биринчи вице-президент) тарафдорлари ўзаро тўқнашган. Давлат тўнтариши ташкилотчилари сирасига қатор собиқ вазирлар ҳамда юқори лавозимли мулозимлар кирган. Уларнинг аксарияти динка қабиласи аъзолари бўлиб, Жанубий Судан президенти Салва Каир ҳам айни қабила аъзоси ҳисобланади. 20 декабрга келиб мамлакатдаги вазият изига тушди. 

5.  Папуа Янги Гвинеядаги уриниш

2012 йил 26 январида истеъфодаги полковник Яура Саса етакчилигидаги 20-30 нафар ҳарбийдан иборат гуруҳ исён кўтариб, бир ҳафта ичида истеъфога чиқарилган бош вазир Майкл Сомарени вазифасига тиклаш талабини илгари суришди. Улар, мамлакат пойтахти Порт-Морсбидаги қуролли кучлар Бош штаб биносини эгаллаб олиб, мудофаа вазирини вазифасидан олган ва бош вазир Питер О'Нилга ультиматум қўйишган эди. Бироқ, якунда исён бостирилган, унда қатнашган барча ҳарбийлар ўз казармаларига қайтишганди.

6.  Қатардаги ҳукуматга қарши амалга ошмай қолган исён

2012 йили мамлакат амири шайх Ҳамад бин Халифа Ал Таний саройини эгаллаб олишни мақсад қилиб, амирлик гвардияси бош кўтарди. Бироқ, Америка махсус бўлинмалари хизматчилари Амирнинг жонига оро киришди. Улар исёнчилар билан аёвсиз жангга киришган. Араб ОАВда, Қатар қуролли кучлари Бош штаби раҳбари генерал Хамад бин Али ал-Атийя исёнчилар томонига ўтгани хусусида хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

7.  Венесуэлада бостирилган давлат тўнтариши

2002 йили Венесуэла тарихига давлат раҳбариятини ҳокимиятдан ноқонуний четлатишга уриниш сифатида киритилгани аниқ. Мамлакатнинг янги президенти Уго Чавеснинг ислоҳотлари Республиканинг ишбилармон доиралари ва аҳолининг ўзига тўқ қатлами орасида норозиликка сабаб бўлди. Давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятни Педро Кармон Эстанг раҳбарлигидаги муваққат ҳукумат ўз назоратига олди, у Миллий парламент, Олий судни тарқатиб юбориб, Конституция ижросини тўхтатди. Муваққат ҳукумат мамлакат қуролли кучлари томонидан қўллаб-қувватланмагани боис, Чавеснинг президент қўриқлаш хизмати қон тўкишларсиз Мирафлорес саройи (президент қароргоҳи)ни қўлга олиб, Уго Чавесни ҳокимиятга қайтарган эди. Давлат тўнтариши атиги 47 соат ҳукмронлик қилиб, АҚШ ва Чили томонидан қўллаб-қувватлаган, аммо Лотин Америкаси бошқа мамлакатларининг танқидига учраган эди. 

8.  Собиқ Иттифоқни сақлаб қолиш учун сўнгги уриниш

1991 йил 18 августида, ўша пайтдаги «СССР давлатидаги вазиятни барқарорлаштириш» мақсадида Фавқулодда ҳолат Давлат қўмитаси (ГКЧП) ташкил этилди. Унинг таркибига: СССР вице-президенти Геннадий Янаев, қатор Коммунистик партия мансабдорлари ва КПСС Марказқўми раҳбарияти, СССР ҳукумати, армияси ва КГБ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) кирган эди. ГКЧП ўзини давлат бошқарувининг ягона органи деб эълон қилиб, унинг қарорлари СССРнинг барча ҳудудида сўзсиз бажарилиши шартлигини билдирди ва Г. Янаев, М. С. Горбачёвнинг саломатлиги ёмонлашгани туфайли, мамлакатнинг президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганини маълум қилди. ГКЧПнинг бош мақсади ўша вақтда СССРнинг парчаланишига олиб келиши тахмин қилинган ва 20 августда имзоланиши кутилган Мустақил совет давлатлари иттифоқи (бу ҳам русчасига СССР) шартномасини имзоланишига йўл қўймаслик бўлган. Давлат тўнтариши 3 кун давом этиб, Москва шаҳри гарнизони ва РСФСР раҳбарияти кўрган чоралар туфайли барҳам топди. 

9.  9 нафар ирқчи Доминикда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлишди

1979 йили ўзининг ирқий қарашлари билан таниқли сиёсатчи Дэвид Дюк канадалик неонациситларга Американинг Ку-клукс-кланини тақдим этди. Улар, кичикроқ бир мамлакатда давлат тўнтаришини амалга ошириб,  ўзларига бўйсинувчи ҳукуматни ҳокимият бошқарувига келтиришни режалаштирди. 
Уларнинг танлови Доминик республикасига тушди. Ғаразгўйлар ўз ғояларини амалга оширишда ушбу мамлакатнинг собиқ бош вазири ёрдамидан фойдаланишга аҳд қилишди. Бироқ, айтиш мумкинки, режа аввалбошданоқ омадсизликка юз тутган эди. Дастлаб, улар ёллаган ва Янги Орлеандаги портда турган улкан кема капитани тўлиқ таркибда сафарга чиқишдан бош тортгани етмагандай, полицияга ҳам мурожаат қилди. Махсус амалиёт чоғида собиқ бош вазир ва унда сақланаётган режа қўлга олинди. Бир неча кун ўтгач, гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам кемага чиқишди ва тезда сафарлари поёнига етганини англашди. Қайд этиш жоизки, ушбу 9 кишининг 3 нафари поициянинг махфий жосуслари бўлган. 

10.  Уфкирнинг Марокаш тахтини эгаллашга уриниши

Марокаш подшоҳлигида ҳарбий тўнтаришга подшоҳ Ҳасан II нинг ўнг қўли бўлган Муҳаммад Уфкир бошчилик қилганди. 1972 йили подшоҳ Хасан Франциядаги анжуманга йўл олганди. У Париждан ватанига қараб парвозни бошлагач, Уфкир уни кутиб олиш учун 3та қирувчи самолётни сафарбар этди. Улар, Ўрта ер денгизи осмонида Подшоҳ самолётига ҳужум қилиши керак эди. Бироқ, кейинчалик ойдинлашича, учувчилар ўқув ўқдорилардан фойдаланган. Шундан сўнг, учувчилардан бири Марокашнинг биринчи рақамли самолётини бориб уришга қарор қилган, аммо нишондан адашган. Шундан сўнг, подшоҳ учувчиси ҳарбийлар билан радиоалоқага чиқиб, "диктатор" ўлдирилганини маълум қилган. Эсон-омон мамлакат пойтахтига қўнган подшоҳ бир неча юзлаб хоин офицерларни ҳибсга олишга кўрсатма берган. Уфкурни эса қамоққа олишга улгуришмади. Чунки у ўз жонига қасд қилганди. Шундан сўнг, подшоҳ 1999 йилда юрак хуружидан вафот этгунча, деярли ҳеч қандай қаршиликларсиз мамлакатни бошқарди.