Жаҳон | 11:14 / 18.07.2016
15787
6 дақиқада ўқилади

Ўрмон қироллари – Рауте қабиласи ҳақида ҳикоя

Фото: moyaplaneta.ru

Тарих китобларидан бизга яхши маълумки, инсоният минг йиллар аввал деҳқончилик ва чорвачиликка ўргангунга қадар ибтидоий тарзда яшаган. Улар, асосан, овчилик билан шуғулланишган. Бугунги кунда ҳам ибтидоий тарзда ҳаёт кечирувчи халқлар бор дейилса, кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо бу айни ҳақиқат. Ер юзи аҳолиси тезлик билан кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда сайёрамизда яшаётган аҳоли сони 7 миллиарддан ошиб кетди. Аҳоли сони ошиб борар экан, шу билан бирга бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган халқлар ҳам борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди. Гап бу ерда сон жиҳатидан камайиб бораётган қабила ва элатлар ҳақида бормоқда. Улар глобализация ва ассимиляциянинг қурбонига айланмоқда. Шу тариқа йўқолиб бораётган халқ билан бирга, уларнинг маданияти ва турмуш тарзи ҳам йўқ бўлиб кетмоқда.

Тезлик ва нанотехнологиялар асрида цивилизациядан панада бўлган халқлар ҳам мавжудки, уларнинг айримларининг тақдири хавф остида қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 370 миллионга яқин туб халқ вакиллари истиқомат қилади. Бу ер юзи аҳолисининг 5 фоизи демакдир.

Непалда рауте деб номланмиш кўчманчи қабила бор. Бу қабила аъзолари бир ерда узоқ туриб қолмайди. Уларнинг қаердан келиб, қаерга кетаётганликларини ҳам ҳеч ким билмайди. Улар ёғочдан ясалган буюмларини дон-дунга алмаштириш мақсадида маълум бир қишлоққа ташриф буюришади. Савдо-сотиқ тугаши билан бу қишлоқни зудлик билан тарк этадилар. Шу сабабли ҳам рауте қабиласининг аъзолари қадимдан бери давом этиб келаётган анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган. Бугунги кунда рауте қабиласи минг йил аввал қандай ҳаёт кечирган бўлса, ҳозир ҳам ибтидоий турмуш тарзларини ўзгартирмаган. Бу халқ болалари мактаб остонасидан ҳатлаб ўтишмаган. Ўқиш ва ёзиш нималигини мутлақо билишмайди. Улар маймун гўштидан бошқа гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишмаганлари боис фақат маймунларни овлашади. Уларнинг асосий емишлари ўт-ўлан, мева-чева, сабзавот ва ёнғоқлардан иборат бўлиб, маиший ҳаёти қадимий аньаналарга мослашган. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, иқлим ўзгариши ва маймунларнинг камайиб бораётгани сабаб ҳам қабила вакилларининг ҳаёт кечиришида муаммолар кузатилмоқда. Рауте қабиласи ўзларини ўрмон қироллари, деб аташади.

Рауте қабиласи бошқа қавмлар сингари рақсга тушишни яхши кўради. Улар рақсни илоҳийлаштиришган. Ҳар бир овдан кейин қабила аъзолари рақсга тушади. Қабила сирларни ошкор қилмаслик мақсадида улар одамлардан йироқда бўлишни афзал кўришади. Айниқса, маймунларни ов қилиш борасидаги сирларни асло ошкор қилишмайди. Рауте халқининг фикрича, бегоналар олдида ов қилиш хосиятсиз бўлиб, кўз тегар экан. Шу сабабли ҳам улар қишлоқлардан узоқроқда маймунларни овлашади. Ўлжа барча овчилар томонидан теппа-тенг тақсимланади. Гўшт ўша куннинг ўзида еб тугатилиши керак.

Қабила аъзоларининг бўйи ҳеч қачон бир ярим метрдан ошмаган. Улар ов илоҳига сиғинишади. Рауте қабиласи аъзоларини Тибет-Ҳимолай халқлари гуруҳига киритиш мумкин. Улар Непалдаги энг сўнгги кўчманчилар экани айтилади. Айни дамда уларнинг сони 1 минг 300 кишидан иборат бўлиб, атиги 150 нафаригина аньанавий турмуш тарзини кечиради.

Шуни таъкидлаш керакки, рауте қабиласи турмуш тарзи билан танишиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Ўтган асрнинг 90-йилларига қадар бирор бир европалик бу қабила истиқомат қиладиган маконларга бора олмаган. Чунки қабила аъзолари сўзлашадиган тилни билувчилар ҳам мутлоқо йўқ эди. Улар ўзларини непалик деб ҳисоблашмайди. Шу сабабли ҳам уларнинг ўтроқ ҳаёт кечириши анча қийинчилик билан ўтмоқда.

Рауте аҳолисини қўшни қишлоқ аҳли билан муносабатларини яхши деб бўлмайди. Маҳаллий аҳоли ва кўчманчилар ўртасида тез-тез можаролар келиб чиқиши турган гап. Рауте халқи ўзларини ўрмон қироллари деб аташлари боис, дарахтларни кесишда кимдандир рухсат сўраб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини айтишади. Маълумки, Непал халқи орасида сигир, илон ва маймунларга сиғинувчилар ҳам бор. Рауте қавми эса маймунларни ов қилишлари маҳаллий аҳолига ёқмайди. Бу ўзаро можароларга сабаб бўлади.

Маймунларни овлаш рауте халқи эркакларининг асосий юмуши бўлишидан ташқари, қабила дунёқарашининг асоси ҳамдир.

Шуниси эътиборга моликки, улар қўлларида ҳеч қачон ўқ отар қурол ушламаган. Аждодлари ов қилган қуролдан фойдаланишда ҳамон давом этишмоқда. Яъни уларнинг қуроли болта, пичоқ, калтакдан иборат.

Ов куни эркаклар эрта тонгдан қуёш чиққунга қадар ов илоҳи Буйяруга ибодат қилишади. Руҳоний баланд овозда дуо қилади. Қолганлар эса жим туришлари керак. Шундан кейин Буйяру шарафига қурбонлик қилинади. Яъни унинг шарафига хўроз ёки жўжа сўйилади. Қозонда пиширилган парранда гўшти овчилар томонидан истеъмол қилинади.

Анъанага кўра рауте халқи дарахт баргларидан барпо этилган чайлаларда яшайди. Айни дамда қариялар аждодлари турмуш тарзини ўзгартириш ниятида эмас. Ёшлар эса замонавий ҳаёт тарзига интилишмоқда. Кимнинг мавқеи зафар қучади, буни вақт кўрсатади. Бир нарса аниқ - эндиликда эскичасига яшашга шароит борган сари қолмаяпти. Бу халқ тақдири хатар остида қолганига асло шубҳа йўқ. Улар яшаб қолиш учун юзага келган вазиятдан чиқиб кетишларига умид қилиб қоламиз.

Шарофиддин Тўлаганов