Жаҳон | 13:47 / 19.07.2016
12238
2 дақиқада ўқилади

Мелания Трамп Мишель Обаманинг нутқини ўзлаштирганликда айбланди

АҚШ президентлигига Республикачилардан номзод ҳисобланган Дональд Трампнинг турмуш ўртоғи Мелания Трамп 19 июль куни партия съездидаги иштирокидан кейин дарҳол танқидга дучор бўлди. Биринчи рақамли хоним бўлишга даъвогар Меланияни ҳозирги биринчи рақамли хоним - Мишель Обаманинг нутқини ноқонуний ўзлаштирганликда айблашди. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар берди. 

Нутқларнинг сўзма-сўз тўғри келишини биринчи бўлиб журналист Жеррет Ҳилл Twitter'да маълум қилди, шундан сўнг бир қатор йирик ОАВ, шу жумладан  Buzzfeed интернет ресурси ва CNN телеканали бу хабарни оммага тарқатди. 

Мелания Трамп 2016 йилги республикачилар съездида ва Мишель Обама 2008 йилда демократлар съездида тахминан бир хил нутқ сўзлашган - ота-оналари уларни меҳнаткаш бўлиш, инсонларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга, шунингдек фаровон ҳаётга интилишга ўргатганини айтишган. Трамп ва Обаманинг сўзлари ўхшаш бўлиб чиқди. 

Обаманинг собиқ нутқ ёзувчиси Жон Фавро Buzzfeed порталига "қандай қилиб бундай тасодиф бўлиши мумкинлигини хаёлига келтира олмаётганини" маълум қилди. "Тасодифий ибора ёки бир сатр хато кетиши мумкиндир, лекин ҳозирги биринчи хоним нутқидан бутун бир абзацнинг олиниши - буни тушуниб бўлмайди", - деди Фавро. 

69 ёшли Трамп жорий йилнинг ноябрь ойида бўладиган президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда, 46 ёшли Мелания Трамп АҚШнинг биринчи рақамли хонимига айланади.


 

Мавзуга оид