Хакасия қамоқхонасидаги исённинг бостирилиши тасвирланган видео пайдо бўлди
YouTube порталига Россиянинг Хакасия ўлкасида жойлашган №35 рақамли колония биноси қамал қилинаётгани тасвирланган видео пайдо бўлди. Бу қамоқхонада 24 июль куни кечқурун исён бошланганди.
Қамоқхона маъмурияти 6 соат давомида маҳбуслар билан музокара ўтказиб, тартибсизликларни тўхтатишга ҳаракат қилган, аммо уринишлар бесамар кетган.
Натижада, махсус топшириқли бўлинма бинони қамал қилган ва тартиббузарлар қўлга олинган.
Терговда маълум бўлишича, маҳбуслар исёни 22 июль куни қамоқхонага маҳбуслардан бири келтирилиши ортида келиб чиққан. Ҳозирда бу ҳодиса бўйича жиноий иш очилган, тартибсизлик иштирокчилари муҳлатига 3 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси қўшиб берилиши, ташкилотчиларга эса яна 15 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.
Маҳаллий нашрлардан бирининг ёзишича, маҳбуслар ўзларига "телефонда гаплашиш, қамоқхонанинг исталган ҳудудида чекиш" имкониятлари тақдим этилишини талаб қилишганди.
Тартибсизликлар натижасида колония кўрган моддий зарар миқдори 1,5 миллион рублга баҳоланган.