2016 йил биринчи ярим йиллигидаги илмий кашфиётлар, ихтиролар, муваффақиятлар
Илмий кашфиётлар, ихтиролар доимий равишда бўлиб туради. Турли хил ОАВ йил давомида шов-шувли ихтиролар ҳақида хабардор этади, янги патентлар олингани хусусида жар солади. Аслида-чи, бир йил давомида том маънодаги кашфиёт дейишга арзигулиги бармоқ билан санарли бўлади. Албатта, бу йил ҳали тугагани йўқ. Бироқ, шу давр ичида 10та ажойиб илмий натижага эришилди. Қуйида шулар хусусида батафсил.
1. Кўпҳужайрали ҳаёт бундан 800 млн йил муқаддам, арзимаган ирсий мутация туфайли пайдо бўлган.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, GK-PID дея номланган қадимги оқсил 800 млн йил аввал, бирҳужайрали мавжудотларнинг кўпҳужайралига айланишига сабаб бўлган бош омилдир. Айни шу молекуланинг ўзига хос хизмати туфайли хромосомаларнинг бирикуви ва ҳужайра мембранаси ички қатламининг бўлинишида ички бирлашуви юз берган. Ана шу оқсил, ҳужайраларга хавфли бирикмалар ҳосил қилмай, тўғри бўлинишга имкон берган.
Бу ажойиб кашфиёт яна шуни кўрсатмоқдаки, GK-PID нинг қадимги намунаси, унинг ҳозирги кўринишидан фарқли бўлган. Бунинг ягона сабаби эса, қадимги GK гени қачонлардир иккига бўлинганидир. Унинг бир нусхаси ДНК учун хом-ашё тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишда давом этган, бошқа бири ҳозирги GK-PID га айланган. Бошқача айтганда, кўпҳужайрали ҳаёт, айнан мана шу мутация туфайли вужудга келган.
2. Янги оддий сон аниқланди
Шу йилнинг январ ойида Great Internet Mersenne Prime Search дастури доирасида янги оддий сон 2^74,207,281 – 1 топилди. Эҳтимол сиз, бунинг нима фойдаси бор?, дея савол берарсиз. Гап шундаки, замонавий криптография маълумотларни шифрлаш учун жуда мураккаб сонлар қатори Мерсенна оддий сонларини қўллашни талаб қилади. Ҳозирги вақтгача, бундай сонларнинг 49таси аниқланган холос. Янги оддий сон эса, қачонлардир маълум бўлган сонлар орасида энг узуни бўлиб, ўзига энг яқин сондан 5 миллион рақам кўплиги билан ажралиб туради. Ундаги рақамларнинг умумий сони 24 000 000 дан бироз кам, ихчам кўриниши эса қуйидагича ёзилади: 2^74,207,281 – 1.
3. Қуёш тизимида тўққизинчи сайёра аниқланди
20-асрда Плутон топилмасдан аввал ҳам, Нептун ортидаги тўққизинчи Икс (Х) сайёраси ҳақида назариялар мавжуд бўлган. Унинг борлигини тахмин қилишга, жуда улкан жисмнинг таъсири туфайли тортиш тўлқинларида вужудга келадиган айрим жиҳатлар асос бўлар эди. Кейинчалик, аниқланган Плутон сайёраси айни жисм сифатида қабул қилинди. Бироқ, тортиш кучидаги бузилишларнинг ўзига хосликлари охиригача изоҳланмаётган эди. Бу ҳол, Калифорния технология институти, тўққизинчи сайёра мавжудлиги ва унинг орбитал даври бизнинг 15 минг йилга тенглигини исботловчи далилларни тақдим этгунча давом этди. Ўз кашфиётлари хусусида ёзган фазошуносларнинг таъкидича, астероидлар ёки метеоритларнинг ўта зич бириккан жисми сайёра сифатида қабул қилингани борасидаги эҳтимол атиги 0,0007 фоизни ташкил этади.
Шундай бўлса-да, ҳозирча 9-сайёра назарий жиҳатдан мавжуд бўлиб қолмоқда. Чунки, уни ҳеч ким кўрмаган. Бироқ, астрономларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бунга сайёра орбитасининг йириклиги сабабдир. Агар бу сайёра ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлса, у Ердан 2-15 марта улканроқ бўлиши керак. Унинг орбитаси эса, Қуёшдан 200 ва 1600 астрономик бирлиги оралиғида жойлашган. Бир астрономик бирлик 150 000 000 кмга тенглигини ҳисобга олсак, тўққизинчи сайёра Қуёшдан 240 000 000 000 (млрд) км узоқда бўлади.
4. Маълумотларни деярли абадий сақлаш усули ишлаб чиқилди
Барчага маълумки, вақти келиб ҳар қандай нарса яроқсиз ҳолга келади, фойдаланиш муддати тугайди. Шу боисдан ҳам, бизда рақамли маълумотларни битта манбада жуда узоқ вақт сақлаш имкони мавжуд эмас. Аммо, Саутгемптон университети кашфиёти туфайли, тез орада бунга имконият пайдо бўлса ажаб эмас. Шишанинг нанотузилмаларидан фойдаланган олимлар, маълумотларни ёзиш ва ўқишнинг янги жараёнини муваффақиятли ишлаб чиқишди. Маълумотларни сақлаш қурилмасининг ўзи митти шиша диск каби кўринса-да, 360 Терабайтлик маълумотни 1000 даражагача ҳароратда сақлай олади. Шунга кўра, хона ҳароратида турган қурилмадаги ахборот 13,8 миллиард йилга яқин муддатгача сақланиши мумкин. Бу эса, бутун коинот ёшига тенг демакдир. Ҳар бир ахборот файли ўта тезкор қисқа ва лазерли импульслар ёрдамида нанотулизма нуқталарининг уч қатламига ёзилади. Ҳар бир нуқта бир-биридан 5 микрометр масофада жойлашади. Ахборотни ўқиш амалиёт эса беш йўналиш бўйича амалга оширилади.
5. Кўр шаффоф балиқ ва тўртбармоқли умуртқали ҳайвонлар ўртасида қариндошлик алоқаси аниқланди
Дунё фани сўнгги 170 йилда қилган хулосасига кўра, сайёрамиздаги умуртқалилар қадимги Ер сувларида яшаган балиқлардан шаклланган. АҚШнинг Нью Жерси штати Технология институти олимлари, кўпйиллик кузатишлари натижасида шундай фикрни илгари суришди. Улар, деворларда ўрмалай оладиган ва амфибия ҳамда рептилиялар каби қобилиятларга эга тайвань кўрбалиғини топишган. Эволюция назариясии ҳимоя қиладиган фан учун бу муҳим аҳамиятга эга.
6. SpaceX компанияси фазовий ракетанинг вертикал қўнишини амалга оширди
Бундан аввал, ракеталарнинг сайёра ёки сунъий йўлдошларга вертикал қўнишини мультфильм ва илмий-фантастик фильмларда кўриш мумкин эди. Аслида фазовий қурилмани бундай қўндириш мураккаб вазифа ҳисобланади. Шу боисдан ҳам, космик агентликлар ракеталарни ишлаб чиқишда, вазифасини бажариб бўлган қисмларни океанга чўкадиган ёки ҳавода ёниб кетадиган қилиб ишлаб чиқишарди. Ракетанинг зиммасидаги вазифани бажарган қисмларини вертикал қўндириш имконияти кейинги лойиҳаларда қўл келиши ва вақт ҳамда маблағни тежаши мумкин эди. Американинг хусусий SpaceX компанияси шу йилнинг 8 апрелида ракетани вертикал қўндиришнинг уддасидан чиқди. Компаниянинг бу муваффақияти, келгусида янги парвозлар учун кўплаб маблағларни тежаш имконини беради. Шу билан бирга, парвозлар орасидаги вақт ҳам қисқаради.
7. Шол бўлган инсон бармоқларини ҳаракатлантирган кибернетик имплантат
Махсус ихчам имплантат инсон бошмиясига ўрнатилгач, 6 йил шол бўлиб қолган киши бармоқларини қимирлата олди. Мазкур кибернетик чип Оҳайо штати университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, инсон ёнидаги қабул қилувчи мосламага сигнал юборади. Қурилма сигнални қайта ишлаб, инсон қўлига тақилган махсус электрон қўлқопга юборади. Қўлқопдаги электр симлар қўл мушакларининг қисқаришига туртки беради ва шу билан бармоқлар қимирлайди.
8. Инсульт бўлган инсонни оёқққа турғазувчи найчали ҳужайралар
Стэнфорд университетининг Тиббиёт мактабида инсон найчали ҳужайраларининг бевосита бемор миясига инъекция қилиш бўйича тажриба ўтказилди. Бу чора яхши самара бериб, енгил бош оғриғини ҳисобга олмаганда, салбий таъсири умуман йўқлигини намойиш этган. Бош оғриғи ҳам тажрибадан сўнг, тезда барҳам топган. Ушбу тажрибада иштирок этган, инсультдан кейинги 6 ойлик даволаниш курсидан ўтган 18 нафар кўнгиллининг соғлиғида тажрибадан сўнг ижобий ҳолат қайд этилган. Найчали ҳужайраларнинг танага киритилиши билан беморларнинг ҳаракатчанлиги ошган. Ногиронлар аравачасига михланиб қолганлар юра бошлаган.
9. Ис газидан тош ясаш имконияти
Иқлим ўзгариши ва иссиқхона таъсири тобора кучайиб бораётган бугунги кунда, сайёрадаги CO2 – углерод икки оксидининг меъёрини сақлаш учун ис газини камроқ чиқариш талаб этилади. Маълумки, ҳар қандай ёнувчи жисм ёки модда ёқилганда, ундаги CO2 ҳавога чиқади. Одамлар эса, айни муаммони бир неча авлоддан бери ҳал этиш устида бесамар бош қотириб келмоқда. Эндиликда, исландиялик олимлар, афтидан ис газининг ҳавога чиқишини батамом тўсиб қўйишнинг усулини топган кўринади. Тадқиқотчилар, маълум ҳажмдаги CO2 ни Исландиянинг вулқон тупроғига юборишган. Бу эса, базальтни карбонат минералларга айлантириш жараёнини тезлаштирган. Натижада улар тошга айланган. Одатда бу жараён учун юз ва ҳатто минг йиллар керак бўлади. Бироқ, олимлар уни икки йилда якунлашнинг уддасидан чиқишган. Натижада, ис гази ер остида сақланиши ёки қурилиш материали сифатида қўлланилиши ҳам мумкин.
10. Ернинг «яна бир Ойи» кашф қилинди
NASA олимлари сайёрамизнинг тортиш кучи таъсирида Ер орбитасига кириб қолган астероидни аниқлашди. Бу амалда уни, Сайёрамизнинг иккинчи табиий йўлдошига айлантиради. Албатта, Ер атрофида нималар парвоз қилмаган ва қилмаяпти дейсиз: фазо станциялари, сунъий йўлдошлар ва минглаб тонна фазовий чиқиндилар. Аммо Ой шу пайтгача битта эди. Эндиликда унинг сони 2та. NASA агентлиги HO3 фазовий жисмнинг мавжудлиги ва унинг ер атрофида айланаётганини 2016 йилда тасдиқлади.