Жаҳон | 08:41 / 28.07.2016
9461
2 дақиқада ўқилади

Савченко АҚШ ҳарбий кемасида ҳордиқ чиқарганини маълум қилди

Фото: Коммерсантъ

Украина Олий радаси депутати Надежда Савченко Одессада тўхтаган АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тегишли десант кемасида ҳордиқ чиқарганини маълум қилди. Савченконинг айтишича, у кемада бир кун бўлган. 

Савченконинг таъкидлашича, у "бир ҳафтага бирор ўрмонга кетиб қолишни" режалаштирган, бироқ Одессага боришга қарор қилган. "У ерда Sea Breeze 2016 ҳарбий машғулотлари ўтмоқда. Мен сизга қаерда дам олганимни айтаман. Мен америка десант кемасида дам олдим", деб таъкидлаб ўтди Савченко. Унинг айтишича, у бундай ҳордиқдан қувват олган ва олға боришга тайёр.

27 июлда Савченко Украина қўмондонлигининг Қора денгизда ўтаётган машғулотлардаги хатти-ҳаракатларини танқид қилганди. "Десантнинг ташланиши генералларнинг кемага 40 дақиқа кечикиш билан келганлари сабабли 40 дақиқага ушланди. Яна етмагандек селфи ҳам қилишган", деб айтган собиқ ҳарбий учувчи. Унинг айтишича, бундан АҚШ томони ҳам норозилик билдирган. 

Машғулотлар 18 июлда Қора денгизнинг шимолий қисмида, Россия ҳарбий-денгиз базалари яқинида бошланган. Машғулотларда 26 та ҳарбий ва таъминлаш кемаси, 20 та самолёт ва вертолёт ҳамда АҚШ, Туркия, Болгария, Руминия, Украина ва бошқа давлатларнинг 4 мингга яқин ҳарбийси иштирок этмоқда.

Мавзуга оид