Жаҳон | 20:28 / 29.07.2016
7383
6 дақиқада ўқилади

Клинтон: Биз девор қурмаймиз, биз истаган шахс яхши иш топиши мумкин бўлган мустаҳкам иқтисодиёт барпо этамиз

28 июль  куни АҚШ Демократик партиясининг Филадельфияда  (Пенсильвания штати) бўлиб ўтган  миллий съездида Ҳиллари Клинтон фуқароларга шундай сўзлар билан мурожаат қилди. “Америка жамияти бўлиниб кетган, ҳозир у ҳақиқат онларини бошдан кечирмоқда, энди парокандаликни бартараф этиши керак”. АҚШнинг собиқ биринчи рақамли хоними ва бош котиби мазкур партия йиғилишида ноябрь ойидаги президентлик сайловларида ўз номзоди қўйилишига расман розилик берди. Ҳиллари Клинтонни делегатлар ва форум меҳмонлари олдига унинг қизи Челси чорлади. Ҳилларининг турмуш ўртоғи – АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон рафиқасининг чиқишини залдан кузатди. 

Клинтон ўзининг 50 дақиқали нутқини тарихга назар ташлашдан бошлаб, 1776 йилда Филадельфияда АҚШ Мустақиллик декларациясининг имзоланганини ёдга солди. 

Давлат раҳбари лавозимига номзод Клинтон  Қўшма Штатларнинг асосчилари бир-бирини эшитиш, ўзаро келишиш, умумий мақсадлар қўйиш кераклигини яхши билишганини таъкидлади. “Ота-боболаримиз биргаликда биз куч эканлигимизга оид эгиб бўлмас ҳақиқатни қабул қилишган”, - деди Клинтон. “Биргаликда биз кучмиз!” сўзлари унинг сайлов комиссияси шиорига айланди.

“Ҳозирда Америка ҳақиқат онларини бошдан кечирмоқда. Қудратли кучлар бизни бўлакларга бўлиб ташлашмоқчи. Ўзаро ишонч ва ҳурмат асослари йўқолиб бормоқда”, - дея тан олди Клинтон. – Биз кўтарилиш учун бирга ишлашга тайёрмизми ёки йўқ – шуни ҳал қилишимиз керак.”.


Рақиби ҳақида

Клинтоннинг фикрича,  Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп бу саволга жавоб бериб бўлди. 

“Трамп бизни халқаро ҳамжамиятнинг қолган қисмидан ва бир-биримиздан узоқлаштиришни, шу билан бирга бизнинг келажакдан ва бир-биримиздан қўрқишимизни хоҳлайди”, - деб ҳисоблайди АҚШнинг собиқ бош котиби. 

Шунга қарамай, у америкаликлар мамлакатнинг ҳозирги босқичда дуч келаётган муаммоларини аниқ тасаввур қилишларига ишончи комил. “Биз қўрқмаймиз. Биз ҳар доимгидек чақириққа муносиб жавоб берамиз”, - дея ваъда берди Клинтон. Унинг сўзларига кўра, “биз девор қурмаймиз, биз истаган шахс яхши иш топиши мумкин бўлган мустаҳкам иқтисодиёт барпо этамиз”.

Клинтоннинг сўзларига кўра, Трампнинг на хулқ-атқори ва на иш тажрибаси АҚШ президенти лавозимини эгаллашига тўғри келади. “Шунчаки ўзингиздан сўраб кўринг, сиз ҳақиқатда Дональд Трампни давлат бошқарувчиси сифатида кўрасизми...у арзимаган сабаб туфайли ўз устидан назоратни йўқотади... Twitter’даги изоҳ туфайлигина ғазабини ошкор қиладиган кишига ядровий қуролларни ишониб топшириб бўлмайди”, - деди Клинтон.


Ўзи ҳақида

Клинтон АҚШ маъмурияти раҳбари лавозимига даъвогарлик қилаётган кишиларнинг “умуммиллий (сиёсий) саҳнада янги шахс” эканликларига ишора қилди. “Мен бундайлар қаторига кирмайман. Мен сизларнинг биринчи рақамли хонимингиз бўлганман, 8 йил давомида Нью-Йорк штатидан (Конгрессда) сенатор сифатида хизмат қилганман, ундан кейин эса бош котиб лавозимида фаолият юритганман”, - дея таъкидлади Клинтон. 

Шунингдек у ижтимоий-сиёсий фаолияти давомида инсонлар манфаати йўлида хизмат қилиш диққат марказида бўлишдан осонроқ эканлигини айтди. 


Ташқи сиёсий платформа

Ўзининг ташқи сиёсий платформасига чизгилар берар экан, Клинтон Россия томонидан таҳдид юзага келаётгани ва унга қарши туриш учун НАТО кучларини мустаҳкамлаш кераклигини таъкидлади. 

Шундан сўнг Клинтон халқаро терроризм билан курашишни фаоллаштириш режаларига ишора қилди. “Биз терроризм билан курашиш ва уни йўқ қилиш учун бутун Америка халқи ва иттифоқдошларимиз (хориждаги) билан бирга ишлаймиз”, - деди у. 


Эрон атоми

У Эрон ядровий дастури бўйича халқаро келишувни қўллаб-қувватлайди ва буни Барак Обама маъмуриятининг ютуғи, деб ҳисоблайди. 

 “Шу билан бирга биз Исроилнинг хавфсизлигини таъминлашимиз керак”, - дея қўшимча қилди демократлар номзоди. Гап шундаки, Исроил ҳукумати бошиданоқ Эрон билан ядровий келишувга қарши чиққан. Эрон билан ҳамкорликдаги тадбирлар режаси ўтган йили БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бешлиги ва Германия томонидан тузилган.

 

Иқтисодиёт биринчи ўринда

Клинтоннинг фикрича, Америка иқтисодиёти ҳали кўнгилдагидек ишламаяпти, лекин 8 йил аввалгига қараганда анча яхши ҳолатда. Унинг сўзларига кўра, президент Обама ва вице-президент Байден Американи оғир иқтисодий инқироздан олиб чиқишган. 

Клинтон меҳнат бозоридаги вазиятни яхшилаш кераклигини инкор қилмади. Демократлар номзоди бу масалага устувор вазифа сифатида қарашни режалаштираётганини маълум қилди. 

 

Биринчи аёл президент

26 июль куни АҚШ президентлигига расман номзоди қўйилган  Клинтоннинг съезддаги чиқиши катта муваффақият қозонди. У 8 ноябрдаги сайловларда ғолиб бўлган тақдирда, Ҳиллари Клинтон АҚШ президенти лавозимини эгаллаган биринчи аёл сифатида тарихга киради. 

Форум трибунасидан уни президент Барак Обама ва унинг турмуш ўртоғи Мишель, вице-президент Жозеф Байден ва унинг хотини Жил, Клинтоннинг эри Билл ва қизи Челси, шунингдек ўнлаб сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, Ҳолливуд ва шоу-бизнес юлдузлари қўллаб-қувватлашди. 

Демократик съезд тугатилиши билан СNN телекомпаниясида телетомошабинлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари шундан далолат берадики, Клинтоннинг чиқишини томоша қилган 71 фоиз сайловчилар унинг нутқини “жуда ижобий”, 15 фоизи эса – шунчаки “ижобий” дея баҳолашган. Фақатгина 12 фоиз ёши катта фуқароларгина унга “салбий” муносабат билдиришган.