Жаҳон | 20:36 / 02.08.2016
9419
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия разведкасини "жазолайди"

Фото: Reuters

Туркия ҳукумати 15 июль воқеалари туфайли миллий разведкада қайта қуриш ишлари олиб боради. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилган.

"Бизнинг разведкамиз Гулен тарафдорлари томонидан ҳарбий давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилаётганини пайқамади. Разведкамизда ислоҳот ўтказамиз", деган президент Анқарадаги иқтисодий форумдаги чиқиши давомида.

15 июль оқшомида ҳарбийлар Туркияда давлат тўнтариши амалга оширишга ҳаракат қилишди. Исён бостирилди. Туркия ҳукумати илк соатлардаёқ исён ортида Фатҳуллоҳ Гулен турганини маълум қилди.

Исён бошлангач тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли орасида 240 киши ҳалок бўлди ва 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланди.

Исёндан кейин бошланган ялпи тозалаш ишлари доирасида 80 мингдан ортиқ ҳарбий, полициячилар, судьялар, амалдорлар ва ўқитувчилар ишдан бўшатилди. Шунингдек, 15 мингдан ортиқ киши қўлга олинди ёки терговга чақирилди. Ҳибс қилинганларнинг жами сони 18 минг нафарга яқинлашган.