Тошкент-4 аэропорти лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси тайёрланди
KOICA - Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги Тошкент халқаро аэропортининг янги йўловчи терминали (Тошкент-4)ни қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишни якунлади. Бу ҳақда, Миллий авиакомпаниянинг ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Лойиҳа техник иқтисодий асоси жорий йил январь-июль ойларида ишлаб чиқилган. Корея томони ҳужжатда Тошкент аэропорти ва Ўзбекистон авиация соҳасининг ҳозирги ҳолати, ривожланиш истиқболларини баҳолаб, «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминалини барпо этиш дастурини тайёрлаган.
Шу муносабат билан ташкил этилган анжуманда, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ботир Зокиров, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Квон Ён У, KOICA ва ушбу лойиҳага жалб этилган Корея компаниялари консорциуми вакиллари, шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси раҳбарияти ва мутахассислари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари қатнашган.
Ўзбекистон ҳукумати режасига кўра, янги Тошкент-4 аэропорти эскирган Тошкент-2 аэропортини алмаштириши ва Марказий Осиёдаги боғловчи аэропортга айланиши керак.