Исроилда 14 ёшдан кичик ўсмирларни ҳам жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берилди
Исроил парламенти, қотиллик содир этган 14 ёшдан кичик болаларни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бундан ташқари, мамлакат судлари қотилликка уринган ва бошқа оғир жиноятларни содир этган болаларга ҳукм ўқиши мумкин, деб хабар қилмоқда Кнессет (Исроил парламенти) матбуот хизмати.
Ушбу ташаббус, фаластинлик болаларнинг кўпсонли ҳужумларига жавобан қабул қилинган. Ўтган йилнинг кузидан бери фаластинликлар хуружидан 40 нафарга яқин исроиллик ҳалок бўлган, юзлаб кишилар яраланган. Ҳужум қилганлар орасида балоғатга етмаган болалар ҳам борлиги кўп бора қайд этилган.
"Қонун зарурият туфайли қабул қилинди. Биз террор тўлқини билан қарама-қаршидамиз. Ва жамоатчилик ўзини ҳимоя қилишга ҳақли. Эндиликда ким юрагига пичоқ санчилганидан ўлдирилса, қотил 12 ёки 15 ёшми фарқи йўқ... жиноий жазога тортилади. Эҳтимол бу қонун, ўша болалардан жонли қурол сифатида фойдаланиш амалиётига барҳам берар", — деган қонун лойиҳаси муаллифи, ҳукмрон "Ликуд" партияси аъзоси Анат Берко.
Янги қонунга кўра, ҳакамлар 14 ёшга тўлмаган жиноятчиларга ҳам ҳукм ўқийверади, айбланувчилар эса 14 ёшдан сўнг, жазони ўтай бошлайди. Бунгача, улар махсус интернатларда сақланади. Қамоқхонага ўтказишдан аввал, яна бир суд мажлиси ўтказилади. Унда, белгиланган жазо чораси бекор қилиниши, қисқартирилиши ёки ортга сурилиши мумкин.