Жамият | 15:30 / 05.08.2016
28344
8 дақиқада ўқилади

Ҳаром ризқ кўчасининг охири жарликдир

Тўғри келган нарсани суриштирмай, ўзиники қилиб олиш, ундан фойдаланиш ҳайвонга хосдир. Инсон ҳалол ҳаромни ажратиши билан ҳайвондан фарқ қилади. Мусулмон киши ҳаромдан ҳазар қилишда ўта масъулиятли бўлиши керак. Акс ҳолда, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибат кутади.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Одамларга бир замон келадики, унда киши молни қандай қўлга киритганига, ҳалолдан ё ҳаромдан топганига эътибор қилмайди”, дедилар”.
 
Одамлар ҳақиқий Исломдан узоқлашиши натижасида ҳалол билан ҳаромни ажратиш гўёки иккинчи даражага тушгандек. Мол-дунё тўплаш, яхши ҳаётга осон эришиш учун айрим кишилар ҳаромдан, жиноятдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлиб қолишди. Ҳатто ҳалол яшашга уринган кишиларнинг устидан кулиш, уларни камситиш оддий ҳолга айланди. Оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларини, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан олиб келиб фарзандларига едирадиган ота-оналар ҳам бор.

Ноҳақ, ҳаром йўллар билан касб қилиш оммавийлашиб кетса, хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар баъзи кишилар ўйлаб топган оддий гаплар эмас. Аллоҳ таоло: “Мол(мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара, 188), деб марҳамат қилади. Яъни, бир-бирингизнинг молингизга, ҳақингизга хиёнат қилманг. Имом Қуртубий оятдаги “ботил (йўл) билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, ҳаром касб қилиб мол, бойлик топиш ва бошқа шу кабилар киради, деганлар. Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Аллоҳ таоло кишини ноҳақ, ёлғон қасам билан биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди. Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик; ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа шунга ўхшаш бекорчи эрмаклар”.

Ҳаром ейиш, яъни, Аллоҳ ман қилган нарсаларнинг истеъмоли дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст боши чанг бўлади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Раббим, Ё Раббим...” дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим).
Ҳазрат Анас (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйинг”, дебдилар. У кишига жавобан Пайғамбармиз (алайҳиссалом) “Луқмангизни ҳалол қилинг”, деган эканлар.

Дуо қабул бўлиши учун луқманинг ҳалол бўлиши шартлиги ушбу ҳадислардан англашилиб турибди. Унда ҳаром ейишнинг дунё ва охират учун энг биринчи ёмон оқибати дуонинг қабул этилмаслиги бўлиб чиқади. Дуонинг қабул бўлмаслигида эса ибодат ва бошқа яхши амалларнинг ҳам қабул бўлмаслигига олиб бориш хавфи бор. Аллоҳ сақласин!

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, Аллоҳ ўрталарингизда ризқни тақсимлаганидек хулқларингизни ҳам тақсимлагандир. Албатта, Аллоҳ таоло дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандаларига бераверади, динни эса фақат яхши кўрган бандасига беради.

Аллоҳ кимга динни ато этган бўлса, ҳақиқатда уни яхши кўрибди. Жоним измида бўлган Зотга қасам, дили ва тили мусулмон бўлмагунча ҳеч бир банда мусулмон бўлмайди, то қўшниси “бавоиқ”идан омонда бўлмагунича имонли бўлмайди”. “Бавоиқ нима?” деб сўрашган эди, “Алдов ва зулм” дедилар-да, давом этдилар: “Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб, уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейинга қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқ-ки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билъакс, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди” (Имом Аҳмад ва бошқалар).
Мазкур ҳадисдан ҳаром еювчи кишининг садақаси қабул бўлмаслигини, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлишини билиб оламиз.

Ҳаром билан озиқланиш фарзанд тарбиясини ҳам бузади. Булар ҳаром ейишнинг дунёдаги ёмон оқибатларидир. Бундай шум амал охиратда ҳам бир неча ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Каъб ибн Ужрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди” (Ибн Ҳиббон).

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. “Ё Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” деб сўрашди. “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”, деб жавоб бердилар.
Демак, ҳаром еювчи кишиларнинг амаллари беҳуда бўлади ва ўзлари дўзахга улоқтирилади. Бундан да ёмон оқибат бўлмаса керак!

Бу ўринда Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) тақволарини мисол келтириш мумкин. Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) хирож тўлайдиган ғуломи – қули бор эди. Абу Бакр унинг хирожидан тановул қилар эдилар. Бир куни у зот қули келтирган таомни ея бошладилар. Ғулом Абу Бакрдан сўради: “Бу нималигини биласизми?”. “Йўқ, у нима?”. “Жоҳилиятда бир кишига фол очган эдим. Фолбинлик яхши бўлмаган, мен уни алдаган эдим. Ҳозир ҳалиги киши йўлиқиб, ўша ишим учун менга мана шу сиз еган нарсани берди”, деган эди, Абу Бакр қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги бор нарсани қайт қилиб ташладилар” (Имом Бухорий).

Биз ҳам у зотларга ўхшаб тақводор бўлишимиз учун нима қилмоғимиз зарур? Аввало, ман қилинган нарсаларни ва уларни ман қилган Зотни танимоғимиз керак. Уламоларнинг фатволари бўйича, “хоин, алдовчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етимнинг молини ноҳақ еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга биноан бир нарса олиб, ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, томоша учун дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол ва ҳур одамни сотиб, пулини еювчи кимсалар бошқаларнинг ҳақини ноҳақ, яъни ҳаром еювчилар сирасига киради”.

Бундан хулоса шуки, инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бўлганидек, луқмасини ҳаромдан сақлаш масъулияти ҳам бор. Луқма поклигини кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим.

Аллоҳ таолодан афв ва мағфират сўраймиз. Зеро, У Зот афв қилишни яхши кўрадиган ва афв қиладиган Зотдир. Бизларни Ўзи суйган, рози бўладиган ишларга, жумладан, ҳаромдан сақланишга муваффақ қилишини сўраймиз.


 
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
"Мирза Юсуф" жоме масжиди имом хатиби