Жаҳон | 20:21 / 06.08.2016
7529
2 дақиқада ўқилади

Ассанж: “Саудияликлар Клинтонлар жамғармасининг йирик ҳомийлари бўлиши мумкин”

Фото: © РИА

Саудия Арабистони Клинтонлар оиласи ташкил этган Clinton Foundation жамғармасининг йирик ҳомийларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж.

"Саудия Арабистони ва Ҳиллари Клинтон, Саудия подшоҳлиги ва Клинтонлар жамғармаси ўртасидаги муносабатлар кўлами шунчалик кенгки, эҳтимол, Саудия Арабистони подшоҳлиги Клинтонлар жамғармасининг алоҳида олинган ҳомийсидир. Ахир, Клинтон хоним давлат котибаси бўлган вақтда, қурол-яроғлар экспорти соҳасида қандай сиёсат юритганини ёдга олиш кифоя. У, Саудия Арабистонига жуда ҳам ён босган эди", — деб баёнот берган Ассанж RT телеканалига берган интервьюсида.

WikiLeaks асосчиси шунингдек, Клинтонлар жамғармаси ҳомийларидан бири, "Лафарж" қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиси ИШИД террорчи гуруҳи ҳисобига маблағ ўтказгани тўғрисида француз матбуотида пайдо бўлган хабарларга асосланиб, "Лафарж"  компанияси "Сурия можаросига аралашиб қолган"ини қайд этди. 

"Франциянинг Le Monde нашри ўтказган текширувлар шуни кўрсатдики, компания Суриянинг айрим туманларида фаолият юритиш учун ИШИДга “ўзига хос ҳақ” бериб турган. Айтиш мумкинки, террорчилар билан турли тижорий битимлар тузилган. Яқингинада, 2015-2016 йилларда "Лафарж" Клинтонлар жамғармасига ҳам пул ўтказгани яхши маълум", — деб ҳикоя қилган Ассанж.

Ассанжнинг изоҳ беришича, Ҳиллари Клинтон билан "Лафарж" компаниясини "узоқ алоқалар" боғлаб туради, хусусан бир пайтлар Ҳиллари компания директорлар кенгаши аъзоси ҳам бўлган. 

WikiLeaks асосчисининг таъкидлашича, аввалроқ унинг сайти Сурия билан боғлиқ 2 мингга яқин электрон мактубларни эълон қилган, уларнинг 350дан ортиғи айни компанияга алоқадор бўлган.