Олимпия ўйинлари тарихидаги энг улкан натижалар
Узоқ кутилган Рио Олимпиадасининг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди ва расман спорт мусобақаларига старт берилди. Айтиш мумкинки, жаҳон афкор оммасининг деярли бутун диққат эътиборини қаратадиган йирик анжуманлардан бири айнан Олимпия ўйинларидир. Ҳар бир мусобақада хотирамизда йиллаб сақланиб қоладиган улкан бир натижа қайд этилиши эса, ушбу спорт ўйинларини янада мафтункор қилади. Келинг, Олимпия ўйинларидаги улкан натижаларни яна бир бора ёдга оламиз. Улар, Олимпия ўйинлари тарихида аллақачон зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган.
Усейн Болтнинг Пекин-2008 Олимпия ўйинларидаги 100 метрлик масофага югуриши финали.
Пекин Олимпиадасининг ёрқин юлдузларидан бири бўлган ямайкалик спортчи Усейн Болт 100метрлик масофага югуриш бўйича 9.69 сониялик натижа кўрсатиб жаҳон рекордини янгилаган эди. 2012-йилги Лондон Олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритган Болт Риодан ҳам қуруқ қайтиш ниятида эмас.
Майкл Фелпс. Ҳа, уни сув ҳавзасининг ҳозирги пайтдаги қироли дейиш, асло муболаға бўлмайди. Америкалик сузувчи Майкл Фелпс ҳам Пекин Олимпиадасининг юлдузли кашфиётларидан биридир. У, бир Олимпиада доирасида 8та медални қўлга киритиб, ҳақиқий шов-шувга сабаб бўлди. Майкл саккизинчи олтин медалини жамоаси билан бирга 4×100mетрга эстафета бўлиб сузиш орқали қўлга киритди. Шу билан бирга, улар жаҳон рекордини янгилашди: 3 дақиқа 29.34 сония. Бундан ташқари, ўз фаолияти давомида 22та медални қўлга киритган Фелпс Олимпия ўйинларининг энг кўп соврин олган иштирокчиси ҳамдир. Бироқ, у Риода ўз медаллари сонини яна оширмоқчи.
Боб Бимоннинг ажойиб сакраши шуниси билан эътиборлики, у Мехико Олимпиадасидаги натижаси билан ўзидан кейинги бир неча авлодни доғда қолдира олди. Гап шундаки, одатда, жаҳон ва Олимпия рекордлари сонияларнинг юздан бир неча лаҳзаси ва сантиметрларда ўзгартирилади. Аммо, Олимпия ўйинлари йўлланмасини зўрға қўлга киритган Боб 1968-йил Мехикода бўлиб ўтган Олимпиадада узунликка сакраш бўйича жаҳон рекордини оз эмас, кўп эмас, 55 смга ўзгартириб, 8.90 метрлик натижани ўз номига муҳрлаб қўйди. Бу рекордни эса, 1991-йили америкалик Майкл Пауэлгина ўзгартира олди, бироқ, ҳамон спорт натижаси борасида кескин ўзгариш қайд этилса, “бимонча” дея таърифланади.
Миллий баскетбол ассоциацияси юлдузларидан таркиб топган АҚШнинг “орзулар жамоаси”ни, 1992-йилги Барселона Олимпиадасида кўрсатган жасорати боис, қачонлардир Олимпия ўйинлари тарихида ҳар қандай спорт турида шакллантирилган энг кучли жамоа дейиш мумкин. Чексиз иқтидорли, Майкл Жордан, “сеҳргар” Жонсон ва Ларри Бэрд ўз жамоадошлари билан Олимпиаданинг олтин медаллари томон ажойиб ўйинни намойиш этишди.
Таъкидлаш керакки, Олимпия ўйинларида юз бериб турадиган айрим ажойиб вазиятлар, олтин медални ютишдан ҳам кўра завқ-шавқ уйғотади. Хусусан, 1992-йилги Барселона Олимпиадасида Буюк Британия шаънини ҳимоя қилган Дэрек Редмонднинг финиш чизиғини босиб ўтиши ачинарли ҳиссиётларга тўла. У, 400метрга югуриш вақтида сонидан жароҳат олгач, йўлакни тарк этмади ва майдонга югуриб чиққан отаси кўмагида финишни кесиб ўтди.
Руминиялик гимнастикачи қиз Надя Команечининг 1976 йилги Монреал Олимпиадасида қўлга киритган 10 баллик натижаси ҳамон аёл гимнастикачилар орасидаги энг юксак натижа бўлиб турибди. 14 ёшли спортчи қиз қўштурниклардаги ижроси учун гимнастика тарихидаги энг юқори баллга муносиб кўрилди. У, Монреалдаги чиқишида 7 марта 10 баллга лойиқ кўрилган бўлса, 1980-йилги Москва Олимпиадасида 2 марта шундай натижани қайд эта олди.
Жессэ Оуэнс 1936-йили Берлин Олимпиадасида 4та олтин медални қўлга киритган эди. Аммо, асли афроамерикалик бўлган Оуэнснинг бу натижаси унинг бошқа бир хизмати олдида унчалик ҳам аҳамиятли эмасдек, гўё. У, нацистлар Германияси таркибида иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлган ва ўша вақтда Германия етакчиси Гитлернинг олий ирқ тўғрисидаги иддаоларини спорт воситасида инкор этган эди.
Кэти Фримэн Сидней Олимпиадасида ватани шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Олимпия ўйинлари тарихида Австралия тубжой аҳолиси – аборигенлар вакилининг илк олтин медалини қўлга киритди.
Стивен Рэдгрейв бешинчи Олимпия олтин медалини ўз фаолиятидаги бешинчи Олимпия мусобақасида қўлга киритган ягона спортчидир. Ҳа, у бешта Олимпиаданинг ҳар бирида шоҳсупанинг биринчи поғонасига кўтарилган спортчидир. Рэдгрейв илк медалини 1984-йилда Лос-Анжелесда қўлга киритган бўлса, охиргисини Сидней Олимпиадасида ютиб олди.
Эфиопиялик марафончи Абэбэ Бикила, машғулотлар чоғида ўзи кўникиб қолган эски спорт пойабзали йиртилгач, янгиси маъқул келмагани боис, ялангоёқ ғолиб чиққан спортчи ҳисобланади. У, 1960-йилги Олимпия мусобақаларида Рим кўчаларини ялангоёқда югуриб ўтиб, шарқий Африка минтақасининг биринчи Олимпия олтин медалини қўлга киритган эди.
Танзаниялик Ахвари Мехико Олимпиадасида ўзининг ажойиб иродасини намойиш эта олган спортчилардан бири ҳисобланади. Жон Стефен Ахвари марафон бошланиши чоғида ҳаводаги намгарчилик сабабли мушакларидаги оғриқларга қарамай, мусобақада қатнашган, аммо масофанинг ярмига келганида қулаб тушган ва оғир жароҳат ҳам олганди. Аммо, шунга қарамай, у таслим бўлмади ва гарчи барча спортчилар финиш чизиғини анча аввал кесиб ўтганига қарамай, мусобақани тарк этмади ва финиш чизиғини босиб ўтди. Унинг журналистга айтишича, Танзания уни марафонни бошлаш учун эмас, балки якунлаш учун юборган.
Буюк Британия термасининг олтин ҳафталиги 2012-йилги Лондон Олимпиадаси чоғида қайд этилди. Жамоа 24 соат ичида 3та олтин ва бошқа медалларни қўлга киритган эди.