Жамият | 12:31 / 10.08.2016
18519
2 дақиқада ўқилади

"Тошкент-Ўш" автомобиль йўлида юз берган ЙТҲ оқибатида йўловчи қиз ҳалок бўлди

7 август куни А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлидаги "Қамчиқ" довонининг 229-километрида "Водий-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган Spark русумли (давлат рақами 01V 698 WA) автомашина ҳайдовчиси йўлнинг бир томонлама қатнов қисмида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилган ва Spark автомашинаси йўл четига – жарликка ағанаган.

Ўша куни тонги соат 05:32да Автойўл диспетчерининг берган бирламчи маълумотига кўра “Қамчиқ” қидирув-қутқарув махсус бошқармаси офицери А.Хусенов бошчилигида 7 кишидан иборат шахсий таркиб зудлик билан воқеа содир бўлган жойга етиб борган.

Йўл транспорт ҳодисаси натижасида автомашинадаги 1 йўловчи воқеа жойида вафот этиб, ҳайдовчи ва 3 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олишган. Тезкор амалга оширилган қутқарув тадбирида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва 4 кишининг ҳаёти сақланиб қолинди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайти хабарида ушбу йўл транспорт ходисаси оқибатида вафот этган йўловчи, Наманган вилояти Поп туманида 1991 йилда туғилган Абдураҳимова Мафтунахон Иброҳимовна оиласи ва яқинларига чуқур таъзия билдирилган.