Жамият | 17:37 / 15.08.2016
6884
2 дақиқада ўқилади

Европанинг 12 мамлакатида саратон ўлимнинг асосий сабаби эканлиги аниқланди

Саратон касалликлари Европанинг 12 мамлакатида ўлимга олиб келувчи сабаблар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Дунё миқёсида эса бу рўйхатда юрак ва қон томир касалликлари етакчилик қилади. Рейтингнинг тўлиқ рўйхати European Heart Journal'да берилган. 

Европада юрак-қон томир касалликлари ҳар йили 4 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлади, бироқ бундай касалликларни даволаш борасида эришилган муваффақиятлар умумий ўлим ҳолатларида уларнинг ҳиссасини камайтирди. 

Қон-томир касалликлари натижасидаги ўлим даражасини пасайтирган мамлакатлар рўйхатига Бельгия, Буюк Британия, Дания, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Словения ва Франция киради. Шунингдек олимлар юрак-қон томир касалликлари билан курашда муваффақиятга эришган, ЕИ аъзоси бўлмаган икки давлат - Норвегия ва Исроил маълумотларини таҳлил қилиб чиқишди. 

"Бу рақамлар Европа мамлакатлари орасида юрак-қон томир касалликларидан ўлим даражаси бўйича қайд этилган тенгсизликни тасдиқлайди. Саратон касаллиги ўлимнинг асосий сабаби сифатида юрак-қон томир касалликларидан ўзиб кетган 12 мамлакатнинг ҳаммаси Ғарбий Европада жойлашган, улардан тўққизтаси 2004 йилга қадар Европа Иттифоқи таркибига кирган", - дея натижаларни изоҳлайди изланиш раҳбари, Оксфорд университети катта тадқиқотчиси Ник Таунсенд.