Жаҳон | 10:39 / 22.08.2016
10163
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда сув тошқини натижасида 17 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадешида сув тошқини натижасида камида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида BBC News хабар берди.

Шарқий Биҳар штатининг бир неча туманида фавқулодда вазият юзасидан 15 000 киши эвакуация қилинди. 

Июнь ойидан сентябргача бўлган мавсумда Ҳиндистонда сув тошқинлари кўп рўй беради.

Жорий йилда ёмғир кўп ёққани туфайли йирик дарёлардаги сув сатҳи кўтарилиб, бу Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида тошқинлар содир бўлишига олиб келди. 

Олтита дарёси бўлган Биҳарда минглаб кишилар 80дан ортиқ эвакуация пунктларидан қўним топишди. 

Сув тошқинлари юз берган ҳудудларда баъзилар ўзларининг сув тубига ғарқ бўлаётган уйлари томига чиқиб олишган. 

"Биз жуда кўплаб муаммоларга дуч келмоқдамиз, ҳамма нарса сув остига ғарқ бўлмоқда. Баъзи жойларда егулик, ичимлик суви ва ҳатто қайиқ ҳам йўқ. Нима қилишни билмай қоляпмиз", - деди Патна шаҳрида яшовчи киши.

Қўшни Уттар-Прадеш штатида ҳам Ганг дарёси сатҳи кўтарилган, қуйи ҳудудларда яшовчи кишилар баландроқ жойларга эвакуация қилинган. 

Хавф ҳудудида кун кўраётган кишилардан бирининг сўзларига кўра, бу ерда сўнгги уч кун давомида сув тошқини кузатилмоқда. Барча экинлар сув остида қолган. Сув аҳоли яшайдиган уйлар ичига кириб бормоқда.

 

Мавзуга оид