Антарктиданинг энг йирик музликларидан биридаги ёриқлар катталашиб бормоқда
Антарктиданинг энг йирик музликларидан бири (майдони 55 минг квадрат километр) яқин йилларда парчаланиб кетиши мумкин. Британиялик олимлар бу қандай қилиб амалга ошиши ва нималарга олиб келишига доир тадқиқот олиб боришди.
1893 йилда Антарктика кит овлаш саноати асосчиси ва норвегиялик капитан Карл Антон Ларсен “Ясон” кемасида Антарктика яримороли қирғоқларини тадқиқ қилди. Кейинчалик капитан у бўйлаб сузиб ўтган улкан муз деворини Ларсен шельф музлиги, деб атай бошлашади.
Шельф музлиги дастлаб уч қисмдан иборат бўлган - Ларсен А, Ларсен Б ва Ларсен С (Ларсен С улар орасида энг йириги). Бироқ 1,5 квадрат километр майдонга эга бўлган Ларсен А XX асрнинг охирларидаёқ бир неча ойда буткул эриб битган. Ўшанда тадқиқотчилар қолган икки музлик бундай бўлмайди, деган қарорга келишганди, аммо XXI асрнинг бошида - 2002 йилда 12 минг йил давомида барқарор бўлиб келган Ларсен Б музлиги 35 кун ичида майда айсбергларга бўлиниб кетган.
Олимларнинг сўзларига кўра, Ларсен Б Антарктида узра ҳаво ҳароратнинг кўтарилиши ва Дунё океани сувларининг ўртача ҳарорати ошиши туфайли парчаланган.
Ҳозирда эса майдони 55 минг квадрат километр бўлган ягона “омон қолган” Ларсен С музлиги хавф остида қолди. Бугунги кунга келиб, Ларсен С катталиги бўйича дунёнинг тўртинчи музлиги ҳисобланади.
Буюк Британия олимларининг тадқиқотига кўра, сўнгги беш ой ичида (2016 йилнинг мартидан августигача) музлик ёриғи узунасига 22 километрга чўзилган ва ҳозир у 130 километрдан иборат. Бундан ташқари, бугунга келиб, ёриқ энига 350 метрни ташкил қилади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ларсен С музлигини яқин келажакда Ларсен Б тақдири кутмоқда.
Олимлар музлик буткул барбод бўлганда Дунё океани сатҳи 10 сантиметрга кўтарилишини айтиб огоҳлантиришди. Бу эса биринчи навбатда, оролбўйи давлатлари учун катта хавф туғдириши мумкин.
Тадқиқотчилар гигант бўлак айнан қачон музликдан ажралишига ойдинлик киритишмаган, бироқ бунинг яқин йилларда рўй беришини тахмин қилишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, бу инсоният тарихи давомидаги энг кенг кўламли ҳодисалардан бири бўлади.
Мавзуга оид
17:34 / 18.11.2024
Хитой Ой тупроғидан ясалган ғиштлар ёрдамида у ерда база қурмоқчи
15:52 / 16.11.2024
Америкалик олимлар биоорганизмларнинг “учинчи ҳолати”ни аниқлади
15:12 / 16.11.2024
Уйқу тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради — тадқиқот
15:46 / 14.11.2024