Акио Кавата: Дўстим Ислом Каримовнинг сиёсатини доим маъқуллар эдим
Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Акио Кавато Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида хотирлаб, Коммерсант.ru нашрига интервью берди.
"Мен Ислом Каримов билан охирги марта 2004 йилнинг августида кўришгандим, ўшанда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимини тарк этиб, ватанимга йўл олаётгандим. Шу муносабат билан президент қароргоҳида расмий тадбир ўтаётганди, мен Япония ташқи ишлар вазири Иорико Кавагути хонимга музокараларда ҳамроҳлик қилгандим. Ўшанда бир воқеа ёдимда қолган: Япония делегацияси учрашувни якунлаб, Ўзбекистон раҳбари билан хайрлашаётганда бехосдан қўлимдаги қоғоз тушиб кетди. Бундан хижолат бўлиб, энди қоғозни кўтармоқчи бўлганимда Ғарбда "шафқатсиз мустабид" деб аталувчи президент Каримовнинг ўзи энгашиб қоғозни олди-да, жимгина менга узатди. Наҳотки, диктатор элчи олдида ана шундай қилса?! Мен унинг олижаноблигини ҳис қилгандим ва ҳеч қачон у ҳақида ёмон гапирмадим", - дейди собиқ элчи.
Акио Кавата ўзбек халқининг катталарни ҳурмат қилиш борасида японларга ўхшаб кетишини таъкидлади, лекин Ўзбекистонда анъаналарга содиқлик улардан-да кучли эканлигини тан олди.
"Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига киришар эканман, мамлакат президентига императоримиз томонидан тасдиқланган ишонч ёрлиғини топшира туриб, барча расмиятчилик билан боғлиқ вазифаларимни тугалладим ва бир қарашда кичик хатога йўл қўйдим - қўлимни чўнтагимга солдим. Шу пайт Каримовнинг нигоҳи менга қадалгани ва бу унга ёқмаганини сездим. Бу менга берилган биринчи сабоқ эди: раҳбар учун расмиятчилик - қуруқ сўз эмас, у ҳеч нарсани эътибордан четда қолдирмасди, бунга кўп марта гувоҳ бўлганман", - дея хотирлайди Акио Кавата.
"Ўша пайтлар мен янги темир йўл линияси қурилишига алоҳида эътибор қаратган эдим, бу темир йўл мамлакатнинг шимолий ва жанубий томонларини тоғлар орқали бирлаштириши керак бўлган. Мен беташвиш пацифист сифатида шимол ва жануб ўртасидаги хўжалик алоқаларининг яхшиланиши ҳақида ўйлаб, ўжар япон амалдорларни йўлни молиялаштиришга аранг кўндирардим. Президент Каримов эса кенгроқ фикр юритарди, айнан шу лойиҳа давлат раҳбарининг узоқни кўра билишига яққол мисол бўла олади.
Мен президентни Ўзбекистонга нисбатан япон фаол сиёсати ўзгаришсиз қолишига ишонтиргандим, бу Ислом Каримовга жуда маъқул келганди.
Ислом Каримов ўз мамлакати мустақиллигини жуда қадрлар эди ва қандайдир хорижий кучларнинг унга аралашувини ёқтирмасди. Мен унинг сиёсатини доим маъқуллар эдим.
Ислом Каримов 25 йилдан ортиқ вақт давомида давлат бошқарувида кўп ишларни амалга оширишга улгурди. Энг аввало, давлат тизимини йўлга қўйди, мустақил иқтисодиёт барпо этди. Шу билан бир қаторда мустақил ташқи сиёсатни ишлаб чиқа олди. Мана шундай мураккаб жараёнда у кўп нарсалардан воз кечишига тўғри келди, зеро Ислом Каримов биринчи навбатда ўз мамлакати ҳақида қайғурарди", - дея таъкидлади собиқ япон элчиси.
Акио Кавата бугунги Ўзбекистоннинг кўркамлашганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
"Ўзбекистонга шарқий йўналишдан парвоз қилар экансиз, баландликдан Фарғона водийси далаларининг орасталигига қараб ажабланасиз. Завод ва фабрикаларга ташриф буюрсангиз, ўзбек менежерлари ўз ишини яхши тушуниши билан ижобий таассурот қолдиради. Август ойининг бошида Япония делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва сўнгги йилларда Тошкентнинг нақадар гўзаллашганига гувоҳ бўлдим. Ўзбеклар ўз қўли билан янги қадриятларни яратишни яхши билишади.
Сўзим сўнгида президент Каримовнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Инсонлар одатда унутишга мойил бўлишса-да, ишончим комил: Каримов томонидан ўрнатилган умумий йўналиш - давлат мустақиллиги ва кишилар ҳаётининг фаровонлиги йўлида хизмат қилиш мерос бўлиб қолади. Руҳингиз тинч бўлсин, Ислом Абдуғаниевич", - дея ўз сўзларига якун ясади Акио Кавата.
Мавзуга оид
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024