Фан-техника | 13:41 / 15.09.2016
13025
2 дақиқада ўқилади

Эдвард Сноуден киберхавфсизликка оид маслаҳатлар берди

АҚШ Миллий хавфсизлиги агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуден кибертаъқибдан қандай қутилиш мумкинлигига ойдинлик киритди. У кўпгина жиҳатлар орасида компьютердаги веб-камерани пластир билан тўсиб қўйиш муҳимлигини билдирган. 

«Бу оддий. Агар сиз пластирдан фойдалансангиз у сизнинг компьютерингизни бузмайди. Камерани қўллаганда пластирни олиб қўясиз, тамом-вассалом», — дея Сноуден сўзларини келтиради РИА Новости агентлиги. У, Оливер Стоуннинг «Сноуден» номли фильмидаги шу каби ҳолатни изоҳлар экан, шундай фикрни билдирган. 

Америка махсус хизматларининг собиқ ходими киберхавфсизлик бўйича бошқа маслаҳатларни ҳам берган. Хусусан, турли сайтлар учун бир хил паролдан фойдаланиш яхши эмас. Агар шундай қилсангиз, битта аккаунтингиз бузилса, бошқаси ҳам бузилиши мумкин. Сноуден телефон орқали суҳбатларга қарши курашиш учун кодлаш дастурларидан фойдаланишни тавсия қилган. Бундан ташқари, у, рекламаларни тўсувчи ва вирусларга қарши дастурлар ўрнатишни тавсия қилган. Бироқ, буларнинг бари Сноуденнинг сўзларига кўра, фақат хакерларни тўхтата олади, махсус хизматларни эмас. 

«Бу АҚШ МХАга қарши қўл келмайди. Сиз МХАни тўхтатмоқчи бўлсангиз, сиёсий жараён орқали эриша оласиз. Аммо, афсуски бу йилги президентлик кампаниясида бу ҳақда эшитмаяпмиз. Ҳеч ким конституция ва ҳуқуқлар хусусида эсламаяпти ҳам. Улар, бизга кераксиз бўлган нарсалар ҳақида жар солмоқда», — деб қайд этган Сноуден.

«Сноуден» фильми режиссёри Оливер Стоун ҳам ноутбукдаги камерасини елимлаб қўйишини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, АҚШ Федерал қидирув бошқармаси директори Жеймс Коми ноутбугидаги веб-камерани хакерлик ҳужуми ва бузилишига қарши елимлашини билдирган ва бошқаларга ҳам шундай йўл тутишни маслаҳат берган эди. Facebook асосчиси Марк Цукерберг ҳам киберхавфсизлигини таъминлаш мақсадида худди шу усулдан фойдаланади. 

Мавзуга оид