Light | 14:22 / 19.09.2016
7710
4 дақиқада ўқилади

Германиянинг BVG  компанияси танқидга ҳазиломуз жавоб қайтариш йўлини ўйлаб топди

Берлин Эркин институти талабаси Богдан Мифтахов Platfor.ma нашри учун шаҳардаги жамоатчилик транспортига ихтисослашган энг йирик Berliner Verkehrsbetriebe (BVG) компаниясининг реклама кампаниялари ҳақида мақола ёзди.  BVG ижтимоий тармоқларда ўз лойиҳасини йўлга қўйганидан кейин дастлаб фойдаланувчилардан салбий фикрлар олди, сўнг шикоятларни мағлуб қилиб, вирус ролигини ишлаб чиқди - у 7 миллион марта кўрилган. vc.ru реклама ролиги муаллифи рухсати билан шунга доир материални чоп этган. 

1940-йиллар охирида Берлин хароба аҳволда бўлган. Кейин уни 4 секторга бўлишган, сўнг девор пайдо бўлган ва фақатгина 1990 йилдан бошлаб шаҳар бугунги кундаги кўринишга эга бўлган. Берлиндаги тунги ҳаёт, санъат, маданият, стартаплар кўп ёдга олинади. Шаҳар ўзининг транспорт инфратузилмаси билан ҳам қизиқиш уйғотишини эса ҳамма ҳам билмайди. Бу ерда гап коммуникация ҳақида боради. 

Берлиндаги деярли барча жамоат транспорти учун Berliner Verkehrsbetriebe компанияси жавоб беради. 

2015 йилда BVG #weilwirdichlieben («чунки биз сени севамиз») хештеги билан онлайн-кампаниясини йўлга қўйди. Ушбу акция ёрдамида BVG Берлин аҳолиси ва меҳмонларининг жамоат транспорти билан боғлиқ ижобий ҳиссиётларини кузатмоқчи бўлди. Бироқ ҳаммаси ҳам ўйланганидек силлиқ кетмади.  Интернетда мунтазам кечикаётган метро, автобусларнинг қўпол муомалали ҳайдовчилари ва ўнлаб бошқа муаммолар устидан шикоятлар тўлиб кетди. Биринчи ойда #weilwirdichlieben кампанияси 16 мингдан ортиқ твит йиғди - уларнинг аксарияти арзлардан иборат эди. 

Кампанияда энг муҳими - BVG'нинг аҳоли билан уларнинг тилида мулоқотга киришгани бўлган. #weilwirdichlieben акциясининг биринчи қисмида BVG танқидга у қадар эътибор қилмаган бўлса-да, иккинчи қисмида у хатоларини тан олиб, ўзининг устидан кула бошлашди. Қуйида компания ходимларининг мижозлар билан суҳбати диққатингизга ҳавола этилади: 

"Ole: "BVG'нинг  iPhone'га мўлжалланган иловаси шу қадар расвоки, ҳаттоки 5 ёшли бола ҳам буни билади".
BVG: "Илова 3 ёшли бола томонидан ишлаб чиқилган ва у бундан фахрланади".

"DerGiga: "Кеч қолдим, ҳаммасига автобусингизнинг фақат жадвалдагина мавжудлиги сабабдир..."
BVG: "Кечирасиз!".
DerGiga: "Албатта. BVG аббревиатураси эндиликда умумий узр сўраш сифатида қабул қилинади". 
BVG: "Шкафингиздаги нотаниш ким? - BVG!"

"Matthias Oomen: "Автоматга ташлаган 18та тангадан 12таси қайтиб чиқди. #weilwirdichlieben'нинг янги рекорди!"
BVG: "Кечирасиз, аммо рекорд натижа Марцан туманида яшовчи П. Эрнага тегишли - 15та тангадан 13таси қайтган Мана бу ҳақиқий рекорд натижа!"

Шу тариқа жиддий транспорт компанияси мижозлари билан ҳазил мулоқотни йўлга қўйди. Шундан кейин эса Is mir egal ("менга барибир") вирус ролиги пайдо бўлди. Унда қўшиқчи Козим Акбога BVG ходими ролида намоён бўлади ва қўшиқ давомида "Is mir egal" деб такрорлайверади. У ўзини ҳамма нарсага - баланд мусиқа садоси, акула кийимидаги итлар, соқолли аёллар ва ҳаттоки метродаги роботга бепарво тутади - асосийси, чипта тўланса бўлгани. Роликнинг мазмуни шундан иборатки, компания одамларни қандай бўлса, шундайлигича севади ва бу жиҳат Берлинга хосдир. Ушбу видео 7 миллион марта кўрилган. 

Бугунги кунда компаниянинг деярли ҳар бир нашри ёки постерига мукофот бериш мумкин. Ҳар қандай бизнес ҳам рекламада бундай мавзуларга мурожаат қила олмайди, айниқса, шаҳар тузилмасида. Бироқ айнан шу жиҳати орқали BVG Берлин ва унинг аҳолиси билан бир тўлқинда хизмат кўрсатмоқда. 

Мавзуга оид