Спорт | 15:59 / 20.09.2016
17368
2 дақиқада ўқилади

Британиялик триатлончи акасини маррага елкасида етказиб, интернетни "кўз-ёшларга тўлдирди"

Триатлон бўйича Мексика мезбонлик қилаётган жаҳон сериясининг охирги куни ҳақиқий драма билан якунланди.

2016 йилги Олимпиада чемпиони ҳисобланмиш британиялик Алистер Браунли Косумеледаги пойга вақтида маррага етай деганида ҳолсизланиб қолган акаси Жонатан Браунлига ёрдам кўрсатди.

Жонатан пойга давомида етакчилик қилган, аммо финишга етай деганда ўзини ёмон ҳис қила бошлаганди ва йиқилишига бир бахя қолди. 

Алистер бу вақтда учинчида келаётганди ва тўхтаб қолган акасига ёрдамга ошиқди. Жанубий африкалик спортчи Генри Шуман эса пешқадамдан ўзиб кетди.

Алистер маррагача бўлган қолган масофани акасини суяб олди ва улар биргаликда ўзларини таъқиб қилаётган бошқа спортчилардан олдинроқ маррага етиб келишга улгуришди. 

Финиш чизиғи устида Алистер акасини бироз туртиб юбориб, унинг кумуш медаль олишини таъминлади. Ўзига эса бронзани раво кўрди.

Бу ҳолат тасвирланган таъсирли видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, кишилар кўз ёшларини тия олишмаяпти ва Алистерга тасаннолар айтишмоқда.

Бешинчи бўлиб келган испаниялик Марио Мола умумий ҳисобда мавсум чемпионлигига эришди. У Браунлини 4 очкога ортда қолдирди.

Испанияликлар Жонатаннинг дисквалификациясини сўраб, мурожаат қилишган, аммо бу мурожаат расман рад этилган.

Алистер ва Жонатан Браунли Рио олимпиадаси вақтида олтин ва кумуш медалларга эга чиқишганди. Алистер 2012 йилги Олимпиадада ҳам биринчи бўлган.