Жаҳон | 14:35 / 23.09.2016
17152
3 дақиқада ўқилади

Россия ва АҚШнинг Сурия бўйича келишуви асосий бандлари ошкор этилди

Associated Press агентлиги АҚШ ва Россиянинг Сурия бўйича келишувлари тўпламига кирувчи ҳужжатни эълон қилди. Қуйида унинг асосий жиҳатларини ҳавола қиламиз. 

«Россия ва АҚШ (келгусида — томонлар) Ҳалаб ҳудудида алоҳида қатъиятлик кўрсатиб, Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўшма чоралар кўриш ниятида. ИШИД, «Жабҳат ан-Нусра» ва ҳақиқий мухолифат чегараларини белгилаб олиш, шунингдек, мухолифатни «Жабҳат ан-Нусра»дан ажратиш асосий вазифадир», — дейилади ҳужжатда. 

Кейинги бандларда, томонлар сулҳ муддати ва унинг бошланиш шартларини ҳамда Кастелло йўлидан хавфсиз фойдаланиш тартибини йўлга қўйиш чораларини аниқлаб олишган.
 
Хусусан, ҳукумат ва мухолифат кучларини ортга олиб кетиш масаласига ойдинлик киритилган. Ҳужжатга кўра, томонларнинг ҳеч бири рақиб томон ташлаб кетган ҳудудни эгаллашга ҳақли эмас. Чунки, бу ерлар ҳарбийсизлаштирилган ҳудудларга айлантирилади. 

Томонлар, Сурия армияси ва мухолифат кучларининг мажбурият ва имкониятлари хусусида ҳам келишиб олган. 

«Мухолифат «Жабҳат ан-Нусра» кучларининг ҳарбийлардан холи ҳудудни эгаллаб олмаслиги учун барча чораларни кўради», — дейилади ҳужжат матнида. 

Бундан ташқари, Ҳалабни Кастелло йўли бўйича тарк этишни истаган барча сурияликлар, шу жумладан ҳақиқий мухолифат аъзолари ҳам барча қурол аслаҳалари ва оғир техникасини ҳам олган ҳолда чиқиб кетиши мумкинлиги таъкидланган. 

Шу билан бирга, АҚШ ва Россия Қўшма ижроия марказни ташкил этиши кўзда тутилган. Бу ерда, икки томон ҳарбийлари террорчиларга зарба бериш бўйича амалиётларни мувофиқлаштириш ишларини олиб боради. 

9 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Женевада бўлиб ўтган учрашувида, Сурия масаласида беш тўпламдан иборат келишув шартларини қабул қилган эди. 

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ўша ҳужжатлардан бирининг ошкор этилишини «бу америкалик ҳамкасблар услубида» дея изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия келишувларнинг барчасини ошкор қилишни ёқламоқда. 

Мавзуга оид