Жамият | 13:10 / 29.09.2016
84499
10 дақиқада ўқилади

Бугунги куннинг муҳим саволи – Грин-карта нима?

Шу кунларда, кўча-кўйда “Green Card, Грин карта тўлдирамиз, АҚШда қонуний яшашни истайсизми?”, каби турли хил эълонлар кўпчиликнинг эътиборини тортган бўлиши шубҳасиз. Аксарият кишиларнинг бу нима эканидан юзаки хабари бор, айримлар нима эканини билишмайди. Биз мазкур қораламада, мазкур масалага атрофлича тўхталишни ният қилдик. 

Грин-карта — бу фуқаро шахсини тасдиқловчи гувоҳнома – United States Permanent Resident Card бўлиб, у АҚШда вақтинча яшаш ва ишлаш ҳуқуқини тақдим этади. 

Унинг ёрдамида сиз:

     -     АҚШнинг исталган штатида истиқомат қилишингиз;
     -     ишлашингиз;
     -     кўчмас мулкка эга бўлишингиз;
     -     давлат мактабида таълим олишингиз ёки фарзандингизнинг таълим олиши;
     -     маҳаллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз;
     -     АҚШ Қуролли кучларининг айрим турларига хизматга киришингиз;
      -    ижтимоий суғурта, ёшга оид ва ёки меҳнатга лаёқатсизлик бўйича молиявий       
           ёрдам олишингиз, кекса ёшли кишиларга тақдим этиладиган тиббий суғурта  
           бўйича имтиёзларга эга бўлишингиз мумкин.

Вақти келганда эса, 

-  маҳаллий ҳуқуқ имкон берганида, фуқароликни олиш учун ариза топширишингиз;
-  турмуш ўртоғингиз ёки рафиқангиз ва фарзандларингиз учун виза тақдим этишларини сўраб мурожаат қилишингиз;
-  айрим шартларни бажариш билан мамлакатдан чиқиб, қайтиб киришингиз мумкин бўлади.

Грин-карта эгаси таъбир жоиз бўлса, тантанали равишда қуйидаги мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.

-  даромад солиғи тўлайди;
-  агар у 18-26 ёшдаги эркак киши бўлса, армияда хизмат қилиш бўйича рўйхатдан ўтади;
-  ўзининг муҳожирлик мақомига риоя қилади;
-  доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни ўз ёнида олиб юради;
-  бошқа жойга кўчса, иммиграция хизматини хабардор қилади.

Хўш, Грин-карта соҳиби бўлиш учун нима қилиш лозим?

1.  АҚШ фуқароси билан никоҳдан ўтиш мумкин. Никоҳ орқали грин-картали бўлиш учун унинг (никоҳнинг) фуқаролик ва иммиграция масаласи бўйича ҳақиқий экани тасдиқланиши керак. Масалан, тўйгача ва тўйдан кейинги фотосуратлар, ҳамкорликдаги банк ҳисоб рақамлари, чоп қилинган электрон мактублар, телефон қўнғироқлари суҳбатларининг расмий рўйхати, умумий мол-мулк мавжудлигига оид ҳужжатлар кабилар.

2.  Оила билан қайта бирлашиш. АҚШ грин-картаси АҚШ фуқаросининг яқинларига ҳам тақдим этилиши мумкин. Яқин қариндошлар тоифасига: турмуш ўртоқ; 21 ёшгача бўлган, аммо оила қурмаган фарзандлар; ота-оналар; 21 ёшдан катта ака-ука ва опа-сингиллар киради. Шунингдек, хорижий дипломатнинг беваси ва унинг АҚШда туғилган фарзандининг Грин-карта тақдим этиш тўғрисидаги мурожаати ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

3.  Америка иш берувчисининг аризаси билан ишга ёлланиш. Албатта, бунда компания хорижий ишчини ишга ёллаш учун АҚШ Федерал хизматининг розилигини олиши ҳамда АҚШ фуқаролик ва иммиграция ишлари бўйича хизматига H1B ишчи визасини тақдим этиши учун ариза топшириши керак бўлади. Айни шу нарса мутахассисга грин-карта эгаси бўлишга имкон беради.

4.  Сиёсий бошпана сўраш. Қочқин мақомини олиш учун сиёсий, ирқий ёки диний жиҳатдан таъқибга учрагани ёки учраётганини исботловчи жиддий далиллар келтириш лозим бўлади. Бундай аризани АҚШда бўла туриб ёки унинг элчихонасига топшириш мумкин. 

5.  Ёки, сўнгги имконият – диверсификация лотереясида ғолиб бўлиш.

Диверсификация лотереяси? Бу яна нимаси, дерсиз?

Диверсификация лотерея — бу АҚШ аҳолисининг маданий-этник турли-туманлигини кўпайтириш мақсадида мамлакатга кам кўчиб келаётган турли миллат вакилларига жами 55 000та визани тақдим этиш бўйича йиллик танловдир. Аризалар йилнинг октябрь ойида бошланиб, бир ой атрофида қабул қилинади. Унинг расмий жавобини келгуси йилнинг май ойидан эътибор текшириш мумкин бўлади. Мазкур лотерея қисқартирилган шаклда DV (Diversity Visa – мана шу бизнинг юртимизда Грин карта номи билан машҳур) деб номланади.

Бу лотереяда қандай иштирок этиш мумкин?

Мазкур танловда қатнашиш истагида бўлганлар судланмаган, ҳеч бўлмаганда ўрта маълумотли (коллеж ёки лицейни тамомлаган, ёхуд 11 йиллик мактаб таълимини тугатган бўлиши керак), ижтимоий хавфли касалликлар ҳамда иммиграция қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаган бўлиши керак. 

Ушбу дастурда айрим давлатлардан ташқари барча мамлакатлар фуқаролари қатнаша олади. DV-2018 лотереясига киритилмаган давлатлар қуйидагилар: Бангладеш, Бразилия, Буюк Британия, Вьетнам, Ҳаити, Доминикан Республикаси, Ҳиндистон, Канада, Хитой, Колумбия, Мексика, Нигерия, Покистон, Перу, Сальвадор, Филиппин, Эквадор, Жанубий Корея, Ямайка.

Дастур иштирокчисига айланиш учун АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизматининг расмий сайтида махсус анкетани таржимаи ҳолига оид маълумотлар билан онлайн тўлдириши лозим. Анкетага, сайтда кўрсатилган махсус ўлчамдаги сурат (оилали бўлса, турмуш ўртоғи ва 21 ёшгача бўлган фарзандларининг ҳам суратлари) ҳавола қилинади. 

Грин-карта лотереясида ғолиб бўлиш имкониятлари қандай?

Аризалар рақамлари ҳар сафар ўзгариб, автоматик тарзда қисқариб боради. Айнан қайта рақамлаш тасодифий танловнинг асосий жиҳатидан биридир. Бироқ, ижобий натижалар статистикасига кўра, бу айрим мамлакатларнинг ғалаба қозониш борасидаги имкониятларини камайтиради. Шу боис, ғалаба қозониш эҳтимоли минтақага боғлиқ равишда 0,5 фоиздан 1 фоизгачани ташкил этади. Ғолибларни тасодифий танлов асосида компьютер аниқлайди. Аммо, DV лотереясини ютиб олиш, грин карта соҳиби бўлишни англатмайди. Бунинг учун ҳали кўп тер тўкиш талаб этилади. Ҳужжатлар тўплами, тиббий кўрик ва консулликдаги суҳбат чоғида ғолибларнинг 3дан икки қисми сараланади. Шу билан бирга, диверсификация лотереясида иштирок этиш учун ҳар йили ариза топшириш мумкин. 

Мазкур дастурга ариза топширишингиз сизнинг АҚШ сайёҳлик визасини олишингизга тўсқинлик қилиши мумкинми? Албатта, аслида, бу ҳолат сизда Қўшма Штатларда қолиш истаги борлигини англатади. Бироқ, 2009 йилдан эътиборан, сайёҳлик анкеталарида DV лотереясида иштирок этганлик тўғрисидаги савол олиб ташланган ва шунга кўра, сайёҳлик визаси олишда расман тўсқинлик қилмаслиги керак. 

Лотерея натижасини эса, АҚШ давлат департаменти сайтидаги лотерея натижаларини текшириш махсус ҳаволасидан ўтиш орқали текшириш мумкин. Бунда сиз анкетани тўлдирган вақтингизда берилган рақамни ва бошқа шахсий маълумотларни киритишингиз талаб этилади. Масалан, DV-2017 лотереяси иштирокчилари 2016 йил 3 майдан 2017 йил 30 сентябрга қадар ўз натижасини текшириши мумкин. 

Айтайлик, сиз DV лотереясида ғолиб бўлгансиз. Энди нима қилиш керак?, деган савол туғилиши табиий. Ҳозирда, бу масала билан боғлиқ хизматни таклиф қилувчи кишилар кўплаб топилади. Аммо, буни озгина журъат этсангиз, ўзингиз ҳам уддалай оласиз. 

Яъни, сизнинг навбатдаги ташвишингиз АҚШ элчихонасидаги суҳбатга тайёргарлик бўлади. Бунинг учун дастлаб, АҚШ Давлат департаменти сайтида DS-260 шаклидаги — иммиграциявий виза анкетасини тўлдириш керак. Шундан сўнг, уни чоп этиб, ўзингиз билан суҳбатга олиб борасиз. Суҳбат муддати анкета тўлдирилгач, электрон почта орқали маълум қилинади. Аммо, суҳбатгача АҚШ элчихонаси томонидан белгиланган махсус поликлиникада тиббий кўрикдан ўтиш керак бўлади. Унинг натижаси солинган конвертни фақатгина элчихона ходими очиши мумкин. Суҳбатга боришда қуйидаги ҳужжатларнинг оригинали билан бирга нотариус орқали тасдиқланган таржима нусхалари ҳам олиб борилади: 
Паспорт, суратлар, диплом ёки таълимни тасдиқловчи бошқа ҳужжат, меҳнат дафтарчаси, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, судланмагалик тўғрисидаги маълумотнома (ёки аввал судланган кейинчалик оқланганлик тўғрисидаги суд қарори), никоҳ ёки ажрим тўғрисидаги маълумотнома, ҳарбий гувоҳнома, банк ҳисоб рақамлари бўлса, улардан кўчирма, мол-мулкининг қийматига оид маълумотнома (айрим ҳолларда), иш берувчининг мактуби, моддий кафолат мактуби кабилар талаб қилинади. Ҳужжатлар ва тавсиялар билан АҚШ элчихонасининг ҳар қандай сайтида танишиш мумкин. Яна бир гап, суҳбатга боришда ёнингизда ҳар бир киши учун 330 АҚШ доллари миқдорида консуллик божи учун маблағ олиб боришни унутманг.

Ва ниҳоят, грин-картани қўлга киритгач нима қиласиз? Суҳбатдан муваффақиятли ўтгач, сизга АҚШга кириш учун 6 ой муҳлат берилади. Шу муддат ичида боргач, сиз ўқинг, спорт билан шуғулланинг, ишланг — сиз ўзингиз ўйлаган ниятингизга эришиш остонасида турибсиз!

Ҳа айтганча, бу йилги лотерея ўйинига тўлдириш жараёни, яъни DV-2018 учун маълумотлар қабул қилиниши 2016 йил 4 октябрдан 7 ноябргача давом этади. Унда иштирок этмоқчи бўлганларга омад ёр бўлсин!

Мавзуга оид