Жамият | 23:30 / 29.09.2016
7220
3 дақиқада ўқилади

Шол касаллигига чалинган киши ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритди

Сэм Шмидт — IndyCar'нинг собиқ пойгачиси ва Schmidt Peterson Motorsports жамоаси ҳаммуассисларидан бири. У шол касаллигига йўлиққан бўлса-да, энг сўнгги қурилмалар туфайли яна автомобилни бошқара олади. Бу ҳақида "Hi-News" нашри маълум қилди. 

Бир неча ой аввал ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи Сэм Шмидт номли ҳайдовчи яримавтоном SAM автомобилида пойга треки бўйлаб ҳаракатланиб, Indy 500 тадбирида иштирок этди. Машина Arrow Electronics компаниясида Сэм учун махсус яратилган, шу боис унга ҳайдовчи номи берилган. 

Яқинда ушбу компания вакиллари Невада штати маъмуриятидан шолга чалинган Сэм Шмидтга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишига рухсат олишнинг уддасидан чиқишди. Ҳужжат Сэмнинг яримавтоном автомобилни нафақат махсус пойга трассаларида, балки шаҳарнинг баъзи кўчаларида ҳам олдиндан келишилган муайян шартларга риоя қилган ҳолда бошқара олишини тасдиқлайди.  

Arrow Electronics 2014 йилдаёқ Сэм учун автомобиль ишлаб чиқарган, бир йил ўтиб эса шол ҳайдовчи учун йўл ҳаракати қоидаларини белгилаган. Сэмнинг машинаси тўлиқ автоном ҳисобланмайди, у Corvette Z06 уловини бошқариши учун овоз, бош ҳаракатлари ва нафасдан фойдаланади - у шу тариқа рулни бошқаради, тезликни оширади (ёки аксинча) ва машинани тўхтатади. 

Шунга қарамай, Невада штати қонунларига мувофиқ, Шмидтнинг машинаси автоном ҳисобланади, чунки автомобиль тўлиқ ҳайдовчи назорати остида эмас, шу боис унинг оддий кўчаларда ҳаракатланиши учун қонунчиликка бироз ўзгаришлар киритиш талаб қилинди. Сэм янги ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритганини ўзига хос тарзда нишонлади - у шаҳар кўчаларида ҳаракатланиб, пойга трассасини бир неча маротаба айланиб чиқди.

"Arrow electronics компанияси яримавтоном автомобиль яратиб, жисмоний камчиликлари бўлган кишиларга замонавий технологиялар ёрдамида машина бошқариш имконини яратди. Биз Arrow билан ҳамкорлигимиз Сэмга ўз автомобилида қонуний ва хавфсиз ҳаракатланиш имконини берганидан фахрланамиз. Ўтказилган синовлар туфайли Arrow ўз ишланмаларини янада яхшилайди ва бир куни уларни ногиронларни юқори мобиллик билан таъминловчи оммавий маҳсулотга айлантиради", - дея ўз таассуротлари билан бўлишди Невада штатидаги автодепартамент ходими Жад Ҳарин.

Имконияти чекланган кўплаб кишилар учун яримавтоном машиналар ва автопилотли транспорт воситалари айни муддаодир. Сэм Шмидтнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритгани бунга яққол намуна бўла олади. 

 

Мавзуга оид