Light | 09:53 / 30.09.2016
44862
7 дақиқада ўқилади

Сеҳрли туннинг энг сара 10 сири

Уйқу тароватини қандай қилиб тўлалигича ҳис қилиш мумкин? Бунинг жавоби тўғри танланган чойшабда яширин, зеро уни қалб ва тана учун танлаш муҳим.

Ҳар бир инсон чойшабнинг ўлчамлари ва рангини ўз эҳтиёжи ҳамда дидидан келиб чиқиб танлайди, бироқ мато ва унинг таркиби – бу анча мураккаб масала. “Сатин” номи матонинг тўлиқ табиий эканлигидан далолат бермайди, чунки фақат унинг таркибигина асл ҳақиқатни кўрсатиб бериши мумкин. Матонинг таркиби одатда фоизда ифодаланади.

Шундай қилиб, чойшаб танлаётганда икки тушунча – “тола” ва “мато”ни  ажрата билиш зарур. Ишлаб чиқарувчилар одатда ёрлиқда матонинг таркибини ҳам,  ипларнинг тўқилиш усулини ҳам кўрсатишлари мумкин. Бу ҳеч нарсадан хабари йўқ харидорни танловда адаштириши мумкин. Чойшабнинг баҳоси тола ҳамда матонинг чидамлилигига боғлиқ.

Табиий толалар

Ипак, зиғир ва пахта – чойшаб учун матолар ишлаб чиқишда асосий табиий толалар.

Пахта

Пахта — чойшаб учун энг яхши ва машҳур матолардан бири. Бир томондан, у қиммат эмас, бошқа томондан – етарлича узоқ муддат хизмат қилади. Пахтанинг асосий хусусиятларидан бири – бу унинг гигроскопиклиги: бундай матоли чойшаб қишда иситади, ёзда эса қиздириб юбормайди. Пахта матолар инсон танасининг нафас олишига имкон беради ҳамда терига салбий таъсир кўрсатмайди. Қимматбаҳо сифатли пахта матодан тикилган чойшаб сизга узоқ вақт давомида хизмат қилади, арзон пахтали матодан яратилган чойшаб эса – бир марта ювганингизнинг ўзидаёқ асл кўринишини йўқотади, ундаги бўёқлар бироз вақт ўтгач хиралашади.

Зиғир

Зиғир матоли чойшаблар энг экологик, гигиеник ва чидамли ҳисобланади. У юмшоқ ва майин бўлиб, ҳавони яхши ўтказади, уйқу вақтида инсон танасининг оптимал иссиқлик режимини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Зиғир матодан яратилган чойшаб тўпламлари 200 мартагача ювишга чидамли. Бундай матоли чойшабнинг ягона камчилиги – унинг тез ғижим бўлишида, бу жиҳат чойшабни дазмол қилиш жараёнини қийинлаштиради.

Ипак

Юқори сифатли табиий ипак матоли чойшаблар ажойиб истеъмолчи фазилатларига эга, бироқ унинг нархи жуда баланд. Юмшоқ, сержило, ушлаганда салқин турувчи бу мато инсон организмига ижобий таъсир кўрсатади. Бениҳоя романтик кайфият пайдо қилувчи бу чойшабни парваришлаш бироз мураккаб. Агар ипак чойшабда илмоқлар пайдо бўлса,  сирпанса, музлатса, у ҳолда бу чойшаб паст сифатли ёки сунъий ипакдан тайёрланган бўлиши мумкин. Ипак чойшабни жуда эҳтиёткорлик билан ювиш лозим, кимёвий тозалаш хизматидан фойдаланилса, нур устига аъло нур бўлади.

Мато  турлари

Чойшабнинг сифати ва нархига нафақат мато таркиби, балки фойдаланилаётган матодаги ипларнинг тўқилиш усули ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Келинг, чойшаб ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган матонинг тўқилиш усулларини батафсил кўриб чиқамиз.

Сатин. Сатин – бироз жилоси бўлган мустаҳкам, зич ва бир вақтнинг ўзида нозик, майин ҳамда жуда чиройли мато. Матонинг иккиламчи тўқилиши сатинга бироз жило беради. Ип қанча кўп айлантирилган бўлса, матонинг жилоси шунча ёрқин бўлади. Унинг юзаси ёрқин бўлиб, кўринишидан ипакни эслатади, лекин бундай сатин ипакдан арзон, бошқа пахта матолардан эса қимматроқдир. Сатин 300-400 марта ювишга чидамли бўлиб, бу бошқа матоларга нисбатан рекорд натижа ҳисобланади.

Жаккар сатин. Мато унинг яратувчиси Жозеф Мария Жаккар номига қўйилган. 1801 йилда у саноат миқёсида жаккар матони тайёрлаш имконини берган тўқув дастгоҳини яратди. Жаккар сатин нисбатан мураккаб тўқилади, у ипакка ўхшаб жилоланади. У  тузилиши ва матога туширилган расмларга кўра ранг-баранг бўлиши мумкин. Жаккар мато ўзининг мустаҳкамлиги, чидамлилиги билан ажралиб туради, у кўпинча аралаш толалар, масалан, пахта ва ипакдан иборат бўлади. Жаккар сатин асосан декоратив чойшаблар учун ишлатилади.

Ранфорс. Ранфорс – бу юмшоқ, мустаҳкам ва қулай пахта мато. Бироқ у бир марта ювилганидан кейин “ўтириши” мумкин. Ранфорс матосида ингичка пахта ип қўлланилади, шу боис у зиғирга қараганда юпқароқ ва нафисроқ чиқади. Ранфорснинг зичлиги ва силлиқлиги мато юзасига янада ингичка ва майда деталли расмлар тушириш имконини беради.

Синтетик матоли чойшаблар

Дўконларда синтетик матолардан тайёрланган чойшаблар ҳам кўп учрайди. Унинг асосий устунлиги паст баҳода сотилишидадир. Синтетика ҳавони ўтказиши жуда қийин. Уйқу вақтида бундай чойшаб ёпган киши терлайди. Агар хонада бироз елвизак бўлса, бу шамоллаш учун сабаб бўла олади.

Чойшаб танлаётганда яна нималарга эътибор қаратиш лозим?                                                                                        

Чойшаб танлаётганда синтетикасиз матоларга эътибор қаратинг. Бу, айниқса болалар чойшабига тааллуқли. Тўплам қутисини очиб, ундаги чойшаб қисмларининг мавжудлигини ҳамда тескари томондаги чокларини текширишга эринманг. Чойшабни синалган ишлаб чиқарувчилардан харид қилган маъқул.

Señor&Señorita уй аксессуарлари дўконида сифатли чойшабнинг кенг ассортименти намойиш этилган. Дўкон маслаҳатчилари кундалик фойдаланиш, махсус байрам кунлари ва сарпо учун чойшаб тўпламлари танлашда сизга ёрдам беришади. Харидлар нақд пул ва терминал бўйича амалга оширилади.

Манзил: MEDIAPARK Қоратош савдо маркази, 2-қават

Мўлжал: Ўзбекистон Банклар Ассоциацияси, “Бунёдкор” метро бекати

Facebook’даги расмий саҳифа: https://www.facebook.com/senorandsenorita/

Instagram’даги расмий саҳифа: @senorandsenorita

Дўконнинг иш тартиби: ҳар куни соат 10:00дан 20:00гача

Телефон: +99871 202 77 00.

Мавзуга оид