Фан-техника | 23:48 / 03.10.2016
20510
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг яхши машина унвонини олиш учун даъвогарлар эълон қилинди

"Жаҳон йил автомобили" (World Car of the Year, WCOTY) танлови ташкилотчилари 2017 йилнинг энг яхши машинаси унвони учун даъвогарлик қилувчи автомобиллар рўйхатини чоп этдилар. Танловда ғолиблик учун 22 та модель курашади. 

WCOTY вакиллари шунингдек "Йилнинг нуфузли автомобили/спорткари" (13 та модель) ва "Йил яшил автомобили" (11 та модель) тоифалар учун номзодларни ҳам маълум қилишди. Бундан ташқари, танловга янги – "Шаҳар автомобили" номинацияси киритилди. Бу унвонга 8 та модель даъвогарлик қилмоқда.

Танлов ҳакамлар ҳайъатини 20 та давлатдан 70 га яқин автомобиль журналистлари ташкил қилади. Ғолиблар 2017 йил 17 апрелда Нью-Йорк автосалони доирасида эълон қилинади.

Охирги танлов ғолиби Mazda MX-5 родстери бўлганди. 2016 йилнинг энг яхши нуфузли автомобили "еттинчи" BMW, спорткари Audi R8 купеси бўлган. "Яшил автомобиль" унвони Toyota Mirai’нинг водородда ҳаракатланувчи вариантига насиб қилган. Йилнинг энг яхши дизайни Mazda MX-5’га берилганди.

Мавзуга оид