Спорт | 20:20 / 09.10.2016
20813
2 дақиқада ўқилади

Россия Эрматов ҳакамлик қилган учрашувда Коста-Рикага охирги дақиқаларда қўйилган пенальти туфайли ютқазди

Фото: © РИА Новости

Станислав Черчесов бош мураббийлигидаги Россия терма жамоаси Краснодардаги «ФК Краснодар» стадионида Коста-Рикага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Учрашув мезбонларнинг 3:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди.

Аввалига Рэндалл Асофейф (22) ва Брайан Руис (29) мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Россияликлар сафида Александр Самедов 31-дақиқада ҳисобни қисқартирди, аммо биринчи бўлим охирида Василий Березуцкий автогол уриб, ҳисобни 1:3 кўринишига келтирди.

Иккинчи бўлимда Артём Дзюба дубль қайд этиб (48 ва 61) мувозанатни яна тенглаштирганди.

Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Березуцкий қўполлик ишлатгач белгиланган пенальтини Коста-Рика ҳужумчиси Ҳоэль Кэмпбелл аниқ амалга оширди - 3:4.

Қайд этиш керакки, бу учрашув ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов томонидан бошқариб борилди.

Шу тариқа, Черчесов раҳбарлигида Россия терма жамоаси илк мағлубиятни қабул қилиб олди. Бунгача ушбу мураббий бошчилигида ўтказилган 2та ўйинда бир ғалаба ва бир дуранг қайд этилганди.

Терма жамоанинг кейинги учрашуви 13 ноябрь куни Кипрга қарши кечади.

Россия – Коста-Рика 3:4 (1:3, 2:1)
Голлар: 0:1 – 22 Асофейфа, 0:2 – 29 Руис, 1:2 – 31 Самедов, 1:3 – 45, автогол Березуцкий, 2:3 – 48 Дзюба, 3:3 – 61 Дзюба, 3:4 – 90, пенальти Кэмпбелл.
Россия – Жанаев, Кутепов, Березуцкий, Смольников, Петров, Газинский, Зобнин, Ерохин (Жирков, 82), Самедов (Оздоев, 88), Шатов (Полоз, 56), Дзюба (Канунников, 89).
Коста-Рика – Навас, Кальво, Акоста (Уостон, 69), Матаррита (Овьедо, 75), Гонсалес, Борхес (Гусман, 78), Венегас, Руис (Кэмпбелл, 70), Асофейфа (Техеда, 66), Сальватьерра, Уренья (Уоллес, 70).
Огоҳлантиришлар: Венегас (45), Кэмпбелл (77), Смольников (85).

Маълумот учун, ушбу ўйин очилиш учрашуви мақомини ўтаб берган «Краснодар» жамоасининг стадиони 2013 йилда қурилган ва ўтган ҳафтада тайёр бўлганди. Стадион сиғими - 34 мингдан ортиқ кишини ташкил қилади.

 

Мавзуга оид