Фан-техника | 14:45 / 11.10.2016
9963
2 дақиқада ўқилади

Skype'нинг таржимон функцияси каталогига рус тили қўшилди

Skype видеоалоқа сервиси Skype Translator (реал вақт режимида хабарлар ва қўнғироқларни синхрон таржима қилиш функцияси) каталогига рус тилини қўшди. Бу ҳақида Microsoft компаниясининг сайтида маълум қилинган. 

Рус тили Skype Translator'даги тўққизинчи тил бўлди. Тизим бундан ташқари инглиз, испан, хитой, итальян, француз, португал, немис ва араб тилларидан синхрон таржималарни амалга оширади. Тезкор хабарлар алмашинувида таржимон 50дан ортиқ тилдаги ёзишмаларни таржима қилади.  

"Рус тили - энг талабгор, мураккаб ва шеърий тиллардан бири. Skype таржимони шарофати билан бутун дунёдаги миллионлаб рус тилида сўзлашувчи кишилар бошқа мамлакатлар аҳолиси билан суҳбатлашиш давомида қийинчиликка дуч келмасдан, ўз она тилларида мулоқот қилишлари учун имкон яратилди", - дейди Microsoft'нинг Россиядаги технология сиёсати департаменти директори Дмитрий Халин. 

Видеоқўнғироқларнинг синхрон таржимаси Windows 7 ва ундан кейинги операцион тизимдаги компьютерлардан амалга оширилади. Skype Translator Windows учун Skype стандарт десктоп иловасига интеграциялашган. 

Windows 10 Anniversary Update базасидаги қурилмалар фойдаланувчилари янги функцияни илованинг "дастлабки версияси"да автоматик равишда қўллашлари мумкин бўлади. Бундан аввалги версияларни қўлловчи "мижозлар" мулоқот ойнасидаги Skype Translator менюсидан ("глобус" белгиси остида) рус тилини топиб танлашлари керак бўлади. 

Мавзуга оид