Ўзбекистон | 12:34 / 11.10.2016
126549
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар петиция орқали Шавкат Мирзиёевдан чиқиш визасини бекор қилишни сўрашмоқда

Сhange.org сайтида Ўзбекистонда чиқиш визасини (ОВИР) бекор қилиш сўралган петиция пайдо бўлди.

Петиция муаллифи ушбу таклифини Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ҳам йўллаган. 

"Маълумки, мазкур виза фуқароларнинг хорижга чиқишини тартибга солиш мақсадида амалга киритилган эди. Маълум давргача, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида, бундай амалиёт ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Бироқ, 21 аср – олдимизга янги талабларни қўймоқда. Сизнинг диққатингизни чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид келади. Ва ниҳоят, чиқиш визаси коррупциянинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", — дейилади петицияда.

Хабарда қайд этилишича, амалдаги 2 йиллик чиқиш визасини олиш учун Ўзбекистон ИИВда навбат кутиш, ортиқча харажатлар қилиш, бунинг устига 2 ҳафта ва ундан ҳам кўпроқ вақт кутишга тўғри келади. 

"Чиқиш визаси расмийлаштирилиши учун талаб этиладиган ҳужжатларда фуқаро бир қатор саволларга жавоб берган ҳолда тегишли анкетани тўлдиради. Унда аслида иккита асосий савол мавжуд: Бу фуқаро аввал судланганми? У давлат сирларига эгами?

Қайд этиш керакки, мазкур икки савол бўйича ҳам тегишли давлат идораларида тўла маълумотлар мавжуд бўлади ва одатда бу тоифага кирувчи шахслар хорижга чиқувчи оддий фуқаролар орасида деярли учрамайди. Қолаверса, хорижга чиқиши тақиқланган ёки чекланганлар тоифасига киритилган фуқаролар тўғрисидаги маълумот чегара идораларига олдиндан берилган бўлиб, бу маълумотни фуқаро чегарани кесиб ўтиш вақтида компьютер орқали автоматик тарзда текшириш мумкин", — деб ёзган петиция муаллифи.

Петиция муаллифининг айтишича, айни вақтда бир неча шундай фуқароларни деб минглаб оддий фуқароларда чиқиш визасини олиш билан боғлиқ турли муаммолар ва қийинчиликлар, ортиқча оворагарчиликлар юзага келмоқда.

"Шуни ҳам эслатмоқчиманки, БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1 бандида киши бутун дунё бўйича эркин юриши, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эгалиги тасдиқланган. Амалда дунёнинг деярли бошқа ҳеч бир давлатида бундай виза мавжуд эмас. Бундай амалиёт фақат Ўзбекистонда ва Шимолий Кореяда сақланиб қолган. Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан ва шу йўлда бугунгача анча ислоҳотларни амалга оширган.  Шуни инобатга олган ҳолда, биз ўзбекистонликларга чиқиш визасини бекор қилиш учун тегишли қарор қабул қилишингизни таклиф этамиз", — дея якунланган мурожаат.

Мазкур петиция эълон қилинганидан 15 соат ўтиб, унга 500га яқин киши имзо қўйган.

Мавзуга оид