Фан-техника | 17:08 / 12.10.2016
13014
2 дақиқада ўқилади

BMW келажак электроциклини намойиш этди

Фото: motor1.com

Германиянинг дунёга машҳур BMW компанияси савдо белгисининг юз йиллиги муносабати билан янги мотоцикл концептини намойиш этди. Шу йилнинг баҳорида тақдим этилган концепт-кар сингари икки ғилдиракли прототип ҳам Vision Next 100 номини олди. Унда компания ишлаб чиқарувчи мотоцикллар келаси юз йилда қандай ривожланишини маълум қилди.

Концепт учбурчакли конструкция атрофига барпо этилган бўлиб, дизайнерлар унинг ташқи кўринишини BMW томонидан 1923 йилда ишлаб чиқилган R32 биринчи мотоциклга имкон қадар ўхшатишга уринишган. Унинг аксарият бутловчи қисмлари карбондан ясалган.

Уни бошқариш Flexframe деб номланган технология ёрдамида амалга оширилади. Байкер рулни буриш билан нафақат рулни ўзини балки бутун конструкцияни буради. Тезлик қанчалик юқори бўлса, мотоциклчи бурилиш вақтида кўпроқ куч сарфлаши талаб этилади. 

Концептни, ҳозирда от кучи эълон қилинмаётган электромотор ҳаракатга келтиради. Моторнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг ўлчами мотоцикл жойида турганида кичраяди, байк ҳаракатга келганда кенгаяди.

Унинг борт электроникаси қўшимча реаллик қоидаси асосида ишлаб чиқилган. Шунга кўра, мотоциклчига проекцион дисплейли кўзойнак ва махсус либос тақдим этилади. Бу либос ҳаво ҳароратига кўра исиши ёки совуши мумкин. Бундан ташқари, костюм қиялик бурчаги хавфли бўлган вақтда титрайди. 

Vision Next 100 мотоцикли BMW компаниясининг ўз юз йиллигига тайёрлаган тўртинчи совғаси бўлди. Аввалроқ, ушбу компанияга тегишли Rolls-Royce ва MINI моделларининг ҳам юз йилликка бағишланган концептлари ишлаб чиқилган эди. 

 

Мавзуга оид