Спорт | 08:04 / 13.10.2016
15317
2 дақиқада ўқилади

Емельяненконинг қизига чеченлар ҳужум қилмаган

Грознийдаги «Ахмат» жанговар клуби матбуот хизмати раҳбари Адам Ахмадов россиялик қоидасиз жанг устаси Федор Емельяненконинг қизига ҳужум қилингани тўғрисидаги ОАВда пайдо бўлган хабарларга муносабат билдирди. Унинг сўзларини «Говорит Москва» радиоси келтирган.

«Чеченлардан биронтаси бу ишни қилган деб ўйламайман. Тортишув аллақачон барҳам топди ва ҳозирда, тармоқда вазиятни кескинлаштиришга уриниш кўзга ташланаяпти. Ўйлайманки, бу фитнадир. Бирон эркак, бирон чечен, ишонинг, умрида ҳеч қачон болага қўл кўтармайди», — деган Ахмадов.

Унинг фикрича, бугунги кунда кўпчиликка «ҳозир Чеченистонда ҳаммаси яхши экани» ёқмайди. 

Аввалроқ, Емельяненконинг мураббийи Владимир Вороновнинг маълум қилганидек, спортчи қизини номаълум кимсалар ургани тўғрисидаги хабарларга қарамай, Эски Осколда машғулотларни давом эттирмоқда. ОАВ хабарларига кўра, Емельяненконинг 16 ёшли қизига ҳужум уюштирилгани бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дастлаб, «Московский комсомолец» газетаси спортчининг 9 ёшли қизини номаълум кимса кўчада ургани ва қочиб кетгани ҳақида ёзган эди. 

6 октябрь куни Емельяненко Грознийда ўтказилган аралаш яккакурашлар (ММА) қоидалари бўйича Рамзон Қодиров фарзандлари иштирокида бўлиб ўтган жангларни танқид қилган эди. Фёдорнинг фикрича, 12 ёшга етмаган болалар ҳимоя мосламаларисиз рингга кўтарилган. Бунга жавобан, чечен мулозимлари ва спортчилари Емельяненко билан даҳанаки жанг қилишди. Қодиров ўз тарафдорларини тортишувни бас қилишга чақиргач, воқеа барҳам топган эди. 

 

Мавзуга оид