Спорт | 21:21 / 21.10.2016
9504
3 дақиқада ўқилади

Гвардиола Агуэро ва Компани «Барселона»га қарши ўйинда нега бошланғич таркибда тушмаганига ойдинлик киритди

Фото: Manchester city

«Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Барселона»га қарши ўйиннинг бошланғич таркибига нега Серхио Агуэро ва Венсан Компанини киритмаганига изоҳ берди.

«Агуэро ва Компани менинг режаларимда йўқмикан? Серхио ва Венсан «Манчестер Сити»нинг келажагининг бир қисми.

Компани ўйинга тайёр эмасди. Агуэронинг йўқлиги тактик қарор эди, биз ярим ҳимояни мустаҳкамлашга қарор қилгандик.

Мен «Камп Ноу»даги ўйинда тўпга эгалик қилишда устунликка эга бўлишимизни истагандим. Чунки, тўп сенда бўлса, уларда Месси, Суарес ва Неймар ҳам бўлмайди, деганидир. Улар тўпсиз қолганда ҳам хавфли, лекин тўп билан бўлгандаги каби эмас.

Мен буни Серхио билан суҳбатимизда гапирдим, у мени тўғри тушунди. У жамоага ёрдам бериш учун ўйиннинг охирги қисмида тушиши режалаштирилганди. Айнан шу туфайли у захирада қолганди.

Агуэро «Сити»дан ўзи кетишни истамаса, биз уни кетказмаймиз.

Агар сизлар яна бир марта Агуэро менинг режаларимда йўқлиги ҳақида ёзмоқчи бўлсангиз, яхшиси аввал менга қўнғироқ қилинг. Агар менинг телефон рақамим сизда йўқ бўлса, буни клубимиз матбуот хизмати раҳбари Саймондан сўранг ва мен билан боғланиб, ҳақиқатни билиб олишингиз мумкин бўлади.

Компанига келадиган бўлсак, у билан орамиз ёмонлашган вақт бўлмаган. Гап шундаки, у ўз формасини тиклаши керак... у ҳақиқий марказий ҳимоячи. Биз уни авайлашимиз керак.

У Барселонада шифокор қабулида бўлди ва ўйнай олмаслигини ўзи айтди. Одамлар эса Серхио ва Венсан Пеп туфайли ўйинга тушмади, дейишмоқда. Лекин ҳақиқатни фақат мендан билиш мумкин.

Агуэрони захирада қолдириш қарорини мен қабул қилдим. Модомики, ютқазган эканмиз, бу менинг айбим. Агар биз ютганимизда, мени даҳога чиқаришарди. Ҳолбуки мен мавсум стартидаги 10та кетма-кет ғалабадан кейин ҳам ҳали АПЛ чемпиони бўлишга тайёр бўлмаганимиз ҳақида гапиргандим.

Биз 3 ойдан бери биргаликда ишламоқдамиз. Сиз янги жамоа қуриш қанчалик қийинлигини тасаввур қила олмайсиз. «Барселона» эса 15 йилдан буён шу услубда ўйнаб келмоқда. Биз ўйинимизни такомиллаштиришда давом этамиз. Мен «Барселона»га қарши ўйинда баъзи ишларни яхши уддалаганимизни қайд этиб қўйдим», – деган Гвардиола.

Мавзуга оид