Ўзбекистон | 09:57 / 22.10.2016
19219
6 дақиқада ўқилади

Ўзбeкистоннинг замонавий тараққиёти Лондонда муҳокама этилди

Фото: © Fotolia

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсий масалалар бўйича қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан иштирок этди.

Брифинг чоғида унинг иштирокчилари мамлакатимизда бугунги кунда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда республикамиз халқаро ҳамкорлигидаги устуворликларга доир батафсил маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамияти асосидаги дунёвий демократик давлат барпо этиш тамойилларига содиқ эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, тадбир чоғида мамлакатимиз ҳукуматининг тадбиркорликни, инфратузилмалар ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган сўнгги қарорларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. 

Юқоридагилардан ташқари, мамлакатимизда жорий йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарликнинг бориши ҳамда 18-19-октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам брифинг қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди.

“Патҳфиндер” компанияси директори Майкл Томас ўз чиқишида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов улуғ етакчилик фазилатларига эга бўлгани туфайли 25 йил ичида гуллаб-яшнаётган давлатни барпо этишга эришилганини қайд этди. 

“Ислом Каримов томонидан таклиф этилган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон Республикаси раислиги мавзуси ва устуворликлари мустақил давлатни барпо этишга бўлган ёндошувларнинг тамойиллари билан уйғундир. “Бу маънавий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва барқарорлик ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти эканлигини англатади”, деди М.Томас.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари билимларини ҳамда уларнинг замонавий илм-фан ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаларини тарғиб қилиш юзасидан бошланган ишларни давом эттириш фавқулодда муҳим ҳисобланадики, бу Ўзбекистонни ва бутун ислом дунёсини яхши тушунишга хизмат қилмоғи лозим.

Британия компанияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари мамлакатимизнинг ИҲТ раислигидаги устуворликлари рўйхатига киритилганини юқори баҳолади.

“Нафақат корпоратив ва давлатлараро даражаларда, балки кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида ҳам савдо алоқаларини ривожлантириш ислом дунёсидаги иқтисодий ўсишга хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблайман”, деди “Патҳфиндер” компанияси раҳбари. 

Халқаро таълим бўйича эксперт Девид Харди Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигининг “Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиорини қўллаб-қувватлашини маълум қилар экан, республикамиз таълим, маданият ва ёшлар сиёсати соҳаларида эришган муваффақиятлар жуда катта эътиборга сазоворлигини таъкидлади.

“Улар Ўзбекистонга ўхшаш демографик ва иқтисодий шароитларга эга бўлган кўпгина ривожланаётган давлатлар учун намуна сифатида хизмат қилади. Бағрикенглик ва уйғунликка эришишнинг воситаси сифатида Ўзбекистон таълим сиёсатидаги ўз қарашларини халқаро даражада илгари суришга ҳақлидир.

Маънавий меросни тарғиб этиш билан бирга иқтисодиётда талаб катта бўлган махсус малака кўникмаларини олиш учун шароитларни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Илмий-техникавий алмашувларни фаоллаштириш масаласи мамлакатнинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида раислигидаги устуворликлардан бири сифатида қўйилгани мусулмон дунёси давлатларининг янада модернизациялашувига кўмаклашади”, деди у. 

Бирлашган кучлар Қироллик институтининг (РУСИ) хавфсизлик тадқиқотлари масалалари бўйича директори Рафаэлло Пантуччининг айтишича, минтақавий ва халқаро даражадаги турли масалалар юзасидан ИҲТга аъзо давлатларнинг нуқтаи назарлари бир хил бўлмаса-да, умумий хавф-хатарнинг мавжудлиги аёндир.

“Ўзбекистон томони ИҲТга аъзо давлатларни астойдил бирдамликка ҳамда замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга биргаликда қарши туриш учун улар ўртасида мавжуд бўлган зиддиятларни бартараф этишга чақираётгани тасодифий ҳол эмас”, деди у.

Британиялик экспертнинг фикр билдиришича, ИҲТ мамлакатлар ўртасида амалий жиҳатдан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ислом қоидаларининг тўғри талқин этилиши ва Ўрта аср Шарқининг буюк мутафаккирлари қолдирган маданий ва илмий меросни тарғиб этиш орқали бағрикенглик ғояларини тарқатишга йўналтирилган қўшма дастурларни ҳаётга тадбиқ этиш учун жуда яхши минбар бўлишга қодир.

Рафаэлло Пантуччи бундай ишлар нафақат мусулмон мамлакатлари, балки Ғарб дунёси учун ҳам амалий қадр-қимматга эга эканлигини қайд этди. “Шу боис тадқиқот марказлари, шу жумладан, Бирлашган кучлар Қироллик институти ҳам Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида раислиги давомидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрдир”, деди у.

Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена қайд этганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларни эзгу ғоя атрофида бирлаштириш ва алал оқибатда амалий натижаларга эришиш учун ишонарли шарт-шароитларни яратади.

Шунингдек, британиялик олим исломнинг тараққийпарвар моҳиятини илгари суриш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини, Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ИСEСCО) махсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига юқори баҳо берди.

«Бу буюк аждодларнинг бой маънавий меросини ўрганиш бўйича эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш имконини берибгина қолмасдан, халқаро миқёсдаги янада кенгроқ интеллектуал алмашувлар учун янги истиқболларнинг эшигини очади”, дея таъкидлади британиялик профессор.

«Жаҳон» АА

Мавзуга оид