Ўзбекистон | 22:10 / 26.10.2016
11106
3 дақиқада ўқилади

Халқаро меҳнат ташкилотининг 87-сонли Конвенцияси ратификация қилинди

Фото: UzReport

25 октябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини (Сан-Франциско, 1948 йил, 9 июль) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда UzReport хабар берган.

Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 6 октябрь куни қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 12 октябрь куни маъқулланган эди.

Мазкур Конвенция 1948 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош Конференциясининг 31-сессиясида қабул қилинган ва 1950 йилда кучга кирган. Конвенция преамбула, 4 бўлим ва 21 моддадан иборат бўлиб, ХМТнинг 8 та асоссолувчи Конвенцияларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ушбу Конвенция ХМТга аъзо бўлган 153 мамлакат томонидан ратификация қилинган. Конвенция преамбула, 4 бўлим (21 модда)ни ўз ичига олади ва қуйидагиларни кўзда тутади:

– ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, ушбу ташкилотларга кириш ҳуқуқи;
– ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларининг ўз Уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракатлар дастурини тасдиқлаш ва амалга ошириш ҳуқуқи;
– давлат органларининг бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки уни қонуний амалга оширишга тўсқинлик қилувчи аралашувидан эркинлик;
– ходимлар ва иш берувчилар ташкилотларини тарқатиб юборишни ёки маъмурий тартибда улар фаолиятини тўхтатиб қўйишни та’қиқлаш;
– ходимлар ва иш берувчиларга бирлашиш ҳуқуқини эркин амалга оширишни кафолатловчи чоралар қабул қилиш.

ХМТ Уставига мувофиқ Конвенциянинг иштирокчи давлатлари ХМТга мазкур Конвенцияга оид ўз мажбуриятларини бажариш учун амалга оширган чора-тадбирлари тўғрисидаги маърузани тақдим этади.

Биринчи ва кейинги маърузалар ушбу Конвенция тегишли иштирокчи давлат учун кучга кирганидан сўнг камида уч йилда бир марта, шунингдек, ХМТ томонидан талаб этилган ҳолларда тақдим этилади.

Мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва регионал ташкилотларга янада интеграциялашуви ҳамда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари ҳимоясини халқаро стандартларга мувофиқ таъминлашни янада такомиллаштириш учун шароит яратади.

Мавзуга оид