Жаҳон | 17:19 / 29.10.2016
13620
2 дақиқада ўқилади

29 октябрь – Туркия Республика кунини нишонламоқда

Биринчи Жаҳон урушидан сўнг Антанта мамлакатлари 1918 йилнинг октябрида Усмонийлар империясининг деярли барча ҳудудини ўзаро бўлишиб олишга қарор қилишди ва бу Турк миллий ҳаракатининг пайдо бўлишига олиб келди. Анадолу нашри шу ҳақида сўз юритди.

1919 йилнинг май ойидан 1923 йилнинг октябрига қадар Мустафо Камол Отутурк бошчилигида давом этган мустақиллик учун урушда турклар ғалаба қозонади. 1923 йилнинг июлида Туркия Лозан тинчлик битимини имзолади. Шу тариқа, 1923 йилнинг 29 октябрида Туркия пойтахти - Анқарада республика тузилиши ҳақида расман эълон қилинди. Ўшандан буён 29 октябрь Туркияда Республика куни сифатида нишонланади, Мустафо Камол Отатурк уни энг муҳим байрам дея эътироф этган. 

Ушбу миллий байрам муносабати билан Туркия ҳукумат вакиллари мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигида Аниткабир Мажмуасидаги Мустафо Камол Отатурк қабрини зиёрат қилишди. Эрдўған ҳар қандай вазиятга қарамай, Туркия ғалаба нашидасини сураётгани – катта иштиёқ билан Республика кунининг 93 йиллигини нишонлаётганини таъкидлади: 

"Бизнинг халқимиз озодлик ва ғуруридан воз кечмаган ҳолда 93 йил аввал мустақиллик ҳақида эълон қилган. Халқ бу иродасини бугун ҳам намойиш қилмоқда. 15 июлдаги ҳарбий тўнтарув ҳаракати вақтида мамлакатимизнинг барча бурчакларидан халқимизнинг намоён этган қаҳрамонларча қаршилиги истиқлол учун курашнинг яна бир далилидир... Биз мамлакатимизни замонавий маданият даражасига кўтарамиз. Халқимизнинг Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги шаҳидлари, қозиларини ёдга оламиз".

Мамлакатнинг барча ҳудудларида байрам шукуҳи сезилмоқда. Ҳукумат муассасалари, ўқув масканлари ва марказий кўчаларда миллий байроқлар осилган ҳамда тантанали тадбирлар ўтказилмоқда.

Мавзуга оид