Фан-техника | 01:06 / 29.10.2016
27205
5 дақиқада ўқилади

Кўпчилик эшитмаган 5 йирик компания

Шундай компаниялар борки, уларнинг фаолияти ҳақида кўпчилик эшитмаган, улар диққат марказидан ташқарида. vc.ru камдан-кам кенг муҳокама қилинадиган йирик компаниялар фаолиятини ўрганиб, улар ҳақида маълумот тақдим қилди. 

McKesson

McKesson — Американинг фармацевтика компанияси, АҚШ ва Канаданинг энг йирик дори-дармон дистрибьютори. Компания барча дори препаратларининг учдан бирини Шимолий Америкага етказиб беради. McKesson'га 3000дан ортиқ дорихонадан иборат Health Mart франчайзинг тармоғи тегишлидир. 

Glencore

Glencore plc — Швейцариянинг Баар шаҳрида жойлашган трансмиллий хом ашё трейдери. Ҳозирги компания 2013 йилда Glencore'нинг Xstrata тоғ-кон корхонаси билан қўшилиши натижасида ҳосил бўлган. Бугунги кунда Glencore plc бутун дунё бўйлаб 150дан ортиқ активларга эгалик қилади. 

Компания уч йўналишга ихтисослашган: металлургия, энергетика ва қишлоқ хўжалиги. Glencore — мис, никель, алюминий етказиб берувчи энг йирик компания, бундан ташқари у яна рух ва феррохром етказиб бериш бўйича етакчи ўринларда. Аргентина, Чили, Перу ва Қозоғистондаги тоғ-кон активлари мазкур компанияга тегишли. 

Шунингдек компания дон маҳсулотлари, ёғли уруғлар ва шакар етказиб бериш билан ҳам шуғулланади. Glencore'нинг асосий агросаноат активлари МДҲ давлатлари, Австралия ва Жанубий Америкада тўпланган. 

Компания бутун дунё бўйлаб 90дан ортиқ идораларини очган, уларда 160 мингча киши фаолият юритади. 2015 йил якунларига кўра, компания даромади 172,7 миллиард долларни ташкил қилган. 

Vitol

Vitol — Женевада жойлашган халқаро компания. Vitol'нинг асосий фаолият соҳаси — нефть ва нефть маҳсулотлари билан савдо қилиш. Ҳар куни компанияда тахминан 5 миллион нефть баррели айланади, Япония ҳар куни тахминан шунча миқдордаги нефтни истеъмол қилади. Компаниянинг бутун дунё бўйлаб 40дан ортиқ ваколатхоналари мавжуд. 

Vitol'га қарашли VTTI компанияси 11 мамлакатда нефть терминалига эга - Нидерландия, Латвия, АҚШ ва Россия шулар жумласидандир. Vitol нефтни рафинадлаш билан шуғулланувчи Fujairah Refinery Company Limited комппаниясига эгалик қилади. Шунингдек Германия, Швейцария, Бельгия ва Австарлиядаги корхоналарга инвестиция киритган. 

Унга тегишли яна икки компания - Arawak Energy ҳамда Vitol E&P нефть ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланади. Биринчи компания Украина, Қозоғистон ва Озарбойжон ҳудудларида фаолият олиб борса, иккинчиси - Гана ва Кот д'Ивуарда. 2015 йилда компания даромади 168 миллиард долларни ташкил қилди. 

Vinci

Vinci — лойиҳалаштириш, қурилиш ва инфратузилма объектлари бошқаруви билан шуғулланувчи француз компанияси. 2015 йилда компания дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида 280 мингга яқин лойиҳа устида иш олиб борган. Бугунги кунда Vinci энг йирик қурилиш компаниялардан бири, шу билан бирга дунё аэропортлари ҳамда Европа автомагистралининг энг йирик оператори ҳисобланади.

Vinci Луврнинг Шиша эҳроми, Нормандия кўприги, "Стад де Франс" стадиони каби йирик қурилишларида иштирок этган. 

Компанияда 185 мингдан ортиқ ходимлар фаолият юритади. 2015 йил якунларига кўра, Vinci даромади 42 миллиард долларни ташкил қилган. 

Maersk

Maersk Group — транспорт, логистика ва энергетика соҳаларида иш юритувчи Дания конгломерати. Транспорт ва логистика соҳаларида Maersk'нинг бир қатор компаниялари иш юритади: денгизда юк ташишга ихтисослашган Maersk Line, юк ташиш ва таъминот занжирини бошқариш билан шуғулланувчи Damco ҳамда буксирлаш хизматлари ва фавқулодда ҳолатларда ёрдамга келувчи Svitzer компаниялари. Бу компанияларнинг барчаси ўз соҳасида етакчи ҳисобланади. 

Шунингдек Maersk энергетика соҳасида ҳам фаолият олиб боради. Конгломерат Шимолий денгизнинг Дания ва Британия секторлари, Қатар ва Қозоғистонда нефть ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, компания бурғулаш хизматларини тақдим этади ва хом нефтни ташишга мўлжалланган йирик танкерлар флотига эгалик қилади. 

Компаниянинг 130 мамлакатдаги бўлимларида жами 88 мингча киши иш олиб боради. 2015 йилда унинг даромади 10 миллиард долларни ташкил қилган. 

Суратлар:vc.ru

Мавзуга оид