Жамият | 11:27 / 04.11.2016
56098
6 дақиқада ўқилади

Ботир Қодиров ўзининг янги концерт дастурида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасини ёдга олди

1 - 6 ноябрь кунлари Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида таниқли хонанда Ботир Қодировнинг концерт дастури томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Умуман олганда, концерт кўтаринки руҳда ўтди, ғоялар талайгина. 

Саҳна ўзига хос тарзда, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда безатилган. Одатда концерт ташкилотчилари дастурнинг охирида эълон қилинарди, Ботир Қодировнинг концертида эса бунинг акси бўлди, пардалар очилмасдан аввал саҳнага бошловчи Камола Эрматова чиқиб, ташкилотчилар билан таништирди. 

Бундан ташқари, концертда қўшиқчининг шогирдларидан бири Аброр Азизов ўз қўшиқлари билан иштирок этди.  

Ботир Қодиров дастур аввалида, асосан, репертуаридаги янги қўшиқлардан куйлади. Хонанданинг бу йилги концерт дастурида Огаҳий, Лутфий каби ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг ижодига мурожаат қилгани таҳсинга лойиқ, албатта. Концертда мумтоз қўшиқлар билан бирга замонавий  қўшиқлар ҳам янгради. Сўз устаси Зокир Очилдиев Ботир Қодировнинг Хитойда 25 мамлакат иштирокида бўлиб ўтган мусиқий танловда энг олий ўринни эгаллагани ҳақида эълон қилди ва катта экранда ана шу сафарга доир қисқа ролик тақдим этилди. 

Хонанда концертни томошабинлар билан мулоқот тарзида олиб борди. Концерт дастурида хонанда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидан ташриф буюрган асл мухлисларининг талабларига биноан машҳур "Эй, дўстим", "Кўнгил изҳори" каби бир неча қўшиқларини жонли тарзда ижро этди. Бошқа баъзи хонандалардан фарқли ўлароқ, унинг жонли ижросини фонограммадан ажратиш қийин бўлди, чунки қобилият юқори даражада эканлиги аён. 

Ботир Қодиров Хитойга сафари ва у ерда орттирган дўстлари ҳақида сўз очиб, ҳиндистонлик ҳамкасбларига алоҳида тўхталди. Маълум бўлишича, ҳинд санъаткорлари Ботир Қодировга эсдалик сифатида италиялик дизайнерлар томонидан яратилган шим совға қилиб, концертда уни кийишни  сўрашган (У ҳатто бунинг учун мухлисларидан узр сўради).  Хонанда эса, ўз ўрнида, уларнинг тилида қўшиқ айтиб, видеосини йўллашни ваъда берганини маълум қилди ва машҳур ҳинд қўшиқларидан бири "Janam-janam"ни қойилмақом тарзда ижро этди. Ундан сўнг яна икки ҳинд оҳанги, лекин ўзбек тилидаги қўшиқлари янгради. Ҳинд либосини кийган раққос ва раққосалар қўшиқларга монанд саҳналаштирилган рақсларни ижро этишди. 

Концертда хонандага "Наврўз" рақс дастаси ҳамроҳлик қилди. Аксарият концерт дастурларида асосан аёл раққосалар иштирок этишади. Ботир Қодировнинг концерт дастурида эса эркак раққосларимиз ҳам ўз маҳоратларини кўрсатишди ва айтиш мумкинки, бу ғоя ўзини оқлади. Айниқса, янги шўх қўшиқлардан бирига ўзбек либоси ва европача кийинган йигитлар чиқиб беллашган рақси томошабинлар томонидан ўзгача  кутиб олинди. 

Концертнинг энг катта ютуқларидан бири - у тугагунга қадар ҳеч ким ўрнидан силжимади ва пардалар ёпилмагунча томошабин зални тарк этмади. Сўнгги қўшиқ ҳар бир мухлиснинг қалбидан жой олди, десак адашмаймиз. Зеро, Ватан ҳақидаги бу қўшиқ Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сўзлари остида бошланди. Шу пайт катта экранда Ислом Каримовнинг кулиб турган суратлари пайдо бўлди ва залдаги 4000 томошабин ўрнидан туриб, ҳурмат бажо келтирди. Ботир Қодиров бу қўшиқни кўзларида ёш билан ижро этди ва томошабин парда ёпилугнича қарсакларини тиндирмади. Шу лаҳзаларда томошабинлар кўзида ҳам ёш кўринди. Демак, хонанда ва унинг шу саҳнада туришига сабабчи инсонлар - продюсер, режиссёр, шоирлар, бастакорлар, раққосу раққосалар ҳаракати, меҳнати зое кетмади.

Концерт аввалида бошловчи Камола Эрматова  ташкилотчилар билан таништираётган бир вақтда, фикримча, фон тариқасида бирор мусиқа қўйилганда янада чиройли кўринарди, чунки бошловчи номларни бирма-бир эълон қилгунга қадар томошабинлар зерикиб қолишди.

Яна бир эътиборга лойиқ жиҳат: хонанданинг мухлислар олдига тушиб, зал бўйлаб ҳаракатланиши ва улар билан мулоқот қилиши яхши, албатта. Бу ҳатто концерт дастурига ўзига хос самимий руҳ бағишлади, бироқ шу пайт олдинги қаторда ўтирган томошабинлар бироз зерикиб қолишди, чамамда, чунки бу вақт саҳнада раққосалар ҳам йўқ эди. Шуни таъкидлаш жоизки, айнан шу лаҳзаларда томошабинлар орасида ўтирган раққоса Паризода ўз маҳоратини намоён этди ва зерикишига йўл қўймади - у Ботир Қодировнинг қўшиғига гўзал рақс ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Қўшиқлар, саҳна безаклари, рақслар - ҳаммаси ажойиб ва эсда қоларли бўлди, бироқ Ботир Қодировдек санъаткор 4000 мухлис олдига чиқдими, қўшиқларни 100 фоиз жонли ижрода куйлаши керак, фикримча. Зеро бунинг учун унда овоз ҳам, маҳорат ҳам, билим ҳам етарли. Ора-орада жонли куйлаб, овоз пардаларини намойиш қилишни эса бошқа, овоз имкониятлари паст хонандаларга қолдирган маъқул.

Мавзуга оид