Ўзбекистон | 16:11 / 09.11.2016
7939
3 дақиқада ўқилади

Хоразмлик сайловчилар Хатамжон Кетмоновнинг сайловолди дастури билан яқиндан таништирилди

Фото: Ўзбекистон ХДП Матбуот хизмати

2016 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоятнинг Маънавият ва маърифат маркази катта мажлислар залида бўлиб ўтган учрашув, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди. 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Кирғизбаев очди ва олиб борди.

Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Раимберган Сабуров сўз олиб, Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов дастлаб, Хоразм диёри ҳақида сўз олиб, халқимиз маънавиятининг ноёб ёдгорлиги бўлган “Авесто” китоби Хоразм тупроғида яратилганлигини,  Хоразм Буюк Ипак йўлининг Марказий тармоқлари кесишган нуқталардан бири бўланлиги, дунё тамаддуни учун аҳамиятли қатор оламшумул ва  буюк кашфиётлар шу заминда амалга оширилганлиги ва бошқа кўплаб мисолларни тилга олди. Буларнинг барчаси Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ва мустаҳкам замини эканлигини, бу замин халқи азалдан  фақат бугунги кунни эмас, балки узоқ келажакни  кўзлаб иш тутишини таъкидлади.
 
Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиниши, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди. 

Номзод ўз дастурида илгари сураётган кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, меҳнат қонунчилигида аёлларга берилган ҳуқуқ ва қўшимча имтиёзлардан кенг фойдаланишлари учун янада мақбул шароитларни яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.

Мавзуга оид