Жаҳон | 14:09 / 09.11.2016
19374
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг ғалабаси дунё биржаларини ларзага келтирди

Фото: Reuters

Жаҳон молия бозорлари АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларига салбий муносабат намойиш этмоқда. Бунга, хусусан, АҚШнинг етакчи иттифоқчилари ҳукуматларининг шошилинч мажлисларни ўтказгани ҳақидаги хабарлар ҳам сабаб бўлмоқда, дея хабар қилмоқда CNN телеканали. 

Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампнинг АҚШ 45-президентлигига сайланиши Вашингтон сиёсат арбоблари учун ўзига хос кутилмаган ҳодиса бўлди ва бунинг таъсири океанортида ҳам сезилган. Телеканалга кўра, АҚШ иттифоқчилари ва душманлари ҳам қандай қилиб, сиёсатдан хабари бўлмаган ва кўчмас мулк савдогари ҳисобланган номзоднинг ғалаба қозонганини англашга ҳаракат қилишмоқда. Шу билан бирга, улар дунёнинг энг қудратли мамлакати билан яқин 4 йилдаги ҳамкорлиги борасида бош қотиришмоқда. 

Хусусан, Жанубий Корея ўзининг Миллий хавфсизлик кенгашининг шошилинч мажлисини ўтказган, Япония молиявий расмийлари эса, Nikkei фонд биржаси кўрсаткичининг 1000 пунктга тушганини муҳокама этишган. Буюк Британия ва Франциядаги фонд бозорлари ҳам бугунги савдоларини пасайиш билан бошлаган. 

АҚШнинг Dow Jones фонд биржасининг бозоролди савдолари кўрсаткичи 2001 йил 11 сентябрь кунидан бери илк маротаба 500 пунктга пасайган.

Мавзуга оид