Спорт | 19:43 / 14.11.2016
11086
6 дақиқада ўқилади

Шумахердан Болтгача. Футболчи бўлишни орзу қилган 5 нафар юлдуз

Замонавий енгил атлетика қироли Усейн Болт бир неча йиллардан буён ўзининг севимли жамоаси – «Манчестер Юнайтед» клубида тўп суриш истагини билдириб келади. Унинг футболга, айнан шу инглиз клубига меҳри баланд экани барчага маълум. 

Куни кеча ямайкалик спортчи 2017 йилда енгил атлетикадаги фаолиятини якунлаши ва футболга қадам қўйиши ҳақида хабар берди. Унинг айтишича Болт келгуси йилдан бошлаб Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан бирга шуғулланишни бошлайди. Бунинг учун спортчи бош мураббий Томас Тухел билан гаплашиб олганини билдирган. «Бир неча кун давомида «Боруссия» билан ишлайман, кўрамиз бу қандай чиқаркан. Агар «МЮ»да ўйнасам орзуим амалга ошган бўларди. Кейинги 2 йилда футболчи сифатида ўйнаб кўрмоқчиман. Мендан яхши ҳужумкор яримҳимоячи ёки ҳимоявий қисмнинг зўри чиқиши мумкин», деганди Болт.

Мазкур воқеа сабаб биз спортнинг бошқа тури билан шуғуллана туриб, футболга алоҳида меҳр қўйган бошқа атлетларни ёдга олишга қарор қилдик.

Михаэль Шумахер

Формула-1 қироли ҳеч қачон ўзининг футболга бўлган қизиқишларини яшириб келмаган. Фаолиятини тугатгач, немис спортчиси тез-тез турли хайрия футбол учрашувларида иштирок этиб келди. Қисқа муддат эса у Швейцария учинчи лигаси вакили «Эхихенс» сафида ҳам ўйнашга улгурган. Бош мураббий ҳаттоки ундан кўпроқ вақтини футболга ажратишини ва жамоани янада қуйи дивизионга тушиб кетмаслигига кўмаклашишини сўраганди. Бироқ Шумахер спортдаги фаолиятига тўлиқ якун ясашга қарор қилганди. Шундан сўнг, у даҳшатли фалокатга учради ва мўъжиза туфайлигина тирик қолди. Ярим йилдан ортиқроқ кома ҳолатида ётган афсона аста-секин ўзини тиклаб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

«Мен айнан футболда проффессионалман. Футбол майдонига чиққанимда Формула-1 пойгаларидан ҳам кўпроқ асабийлашаман. Тўп менга келиб тушганда уни бошқариш учун, пойгадаги хавфли бурилишдан ўтишдан кўра кўпроқ концентрация талаб қилинади», деганди у.

Коби Брайант

Афсонавий баскетболчи болалигининг бир қисмини Италияда ўтказган – унинг отаси Италия профессионал баскетбол жамоасида ўйнаганди ўшанда. Шу кунга қадар у тосканча шевада бемалол сўзлаша олади. У бу тилда гаплашишига синфдошлари билан тинимсиз футбол ўйнагани сабаб бўлган. Ҳозирга қадар у миллионлар ўйинига айниқса ошно бўлиб келмоқда. У футболда жуда кўплаб дўстлар орттирган, айниқса «Барселона» футболчилари билан яхши алоқада бўлиб келади. Клуб 2012 йилда АҚШда ўз филиалини очганида ўшан пайтдаги президент Жоан Лапортага  Коби жиддий тарзда ўз хизматини таклиф қилганди.

Брайант: «Бир неча йил олдин Лос-Анжелесга«Барселона» келганди. Ўшанда мен Роналдиньо билан кўришганман. У мен билан суҳбатлашган ва деганди: «Коби, қара, сени келажакда бутун бир футбол тарихининг энг зўр футболчиси бўладиган бир болакай билан таништираман», деган ва 17 ёшли Мессини кўрсатганди. Мен ўшанда: «Нима? Сен энг зўрисан» деганимда, у: «Йўқ, йўқ. Айнан шу бола энг зўри бўлади», деб хотирлаганди Коби.

Йоханнес Бё

Биатлон тарихидаги энг машҳур ака-укалар ҳисобланган норвегиялик Тарьей ва Йоханнес Бё ҳам катта футболга ўзгача меҳр билан қарашади. Бир неча марта жаҳон кубоги ва олимпиада чемпиони ҳисобланмиш бу ака-укалар ёшлигида футбол билан шуғулланишган. Йоханнес эса Норвегиянинг «Стрюн» жамоаси билан ҳам шартнома тузишга улгурди.

«Машғулотларда қатнашиб кўрдим ва менга шартнома таклиф қилишди. Биатлондан бўш пайтларимда ўзимни синаб кўрмоқчиман. Албатта жароҳат олиш эҳтимоли катта лекин, ҳеч бўлмаса 10-20 дақиқа давомида тўп суриш ҳам катта одамга завқ бағишлайди», деганди у.

Рафаэль Надаль

Машҳур теннис устаси Рафаэль Надаль тез-тез «Сантьяго Бернабеу»да меҳмон бўлиб туради. 14 карра катта Дубулға туркумига кирувчи мусобақаларда зафар қучган спортчи, футболнинг, айниқса «Реал»нинг ашаддий фанати ҳисобланади. Болалигида Рафа қариндошлари билан доим футбол ўйнаб келган ва амакиси «Барселона» ҳимоячиси Мигель Надали баъзи кўрсаткичлар бўйича ортда қолдира олган. Аммо катта Бёда бўлгани каби Рафада теннисга бўлган иштиёқ кучлилик қилган ва у профессионал фаолиятини айнан шу спорт турига бағишлаган. Шунга қарамай Рафаэль фақат стадионларга ташриф буюриш билан чекланиб қолмаган. У 2011 йилда Испаниянинг иккинчи минтақавий лигаси вакили бўлган «Интер Манакор» жамоаси билан шартнома имзолаганди. Бироқ тиғиз тақвим туфайли у доимий равишда футболга вақт ажрата олмаган. Айтганча, «Реал»да порлаётган янги юлдуз Марко Асенсионинг клубни танлашида айнан Надаль бош ролни ўйнаган.

Мавзуга оид