Жаҳон | 11:28 / 14.11.2016
11133
2 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уй аппарати раҳбарини аниқлаб олди

Фото: © AP

АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп Республикачилар партияси миллий қўмитаси раҳбари Ринс Прибасни Оқ уй аппарати раҳбари лавозимига тайинлашга қарор қилди. 

Ўнг кайфиятдаги янгиликлар сайти Breitbart News ношири Стив Бэннон президентнинг катта маслаҳатчиси лавозимини эгаллайди. Трампнинг сайловолди кампаниясига раҳбарлик қилган Бэннон шунингдек, маъмуриятнинг стратегик масалалар бўйича бош маслаҳатчиси ҳам бўлади. 

"Мен, муваффақиятли жамоам мамлакатимизни бошқаришни давом эттиришидан хурсандман. Стив ва Ринс — юқори малакали етакчилардир, улар биргаликда ишлаб, тарихий ғалабага олиб келишди. Эндиликда, уларнинг иккиси ҳам мен билан Оқ уйда бирга бўлади ва биз Американи яна буюк давлат қилиш учун бирга ишлаймиз", —деб баёнот берган Трамп.

Оқ уй аппарати раҳбари Америка бош маъмуриятида, таъбир жоиз бўлса, кадрлар масаласи билан шуғулланувчи шахсдир. Прибаснинг бу лавозимга тайинланиши, Трампнинг партия раҳбарияти билан жиддий ҳамкорлик қилиш ниятини англатади. 

8 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда республикачилар партияси президентлик лавозимини қўлга киритишдан ташқари, АҚШ Конгрессининг иккита палатасидаги назоратни ҳам сақлаб қолди. Бир неча ойдан сўнг, партиянинг номзоди Олий суддаги бўш ўринни ҳам эгаллаши кутилмоқда. Шу билан партия ижро, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятлари устидан тўлиқ ўз назоратини ўрнатади. 
 

Мавзуга оид