Жаҳон | 14:16 / 20.11.2016
23700
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ШҲТни ЕИ ўрнига муқобил вариант сифатида кўрмоқда

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилдики, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш — мамлакат учун ягона вариант эмас. У Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлишни муқобил вариант сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда Туркиядаги Sabah нашри хабар берган.

Эрдўған Ўзбекистондан қайтиб боргач,  маҳаллий журналистларнинг саволларига жавоб қайтариш чоғида шу ҳақда гапирган. У Туркия узоқ йиллар давомида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун бесамар уриниб келаётганини қайд этган.

«Европада Brexit ҳодисасидан кейин яна шундай ҳодисалар такрорланиши мумкин. Шундай фикрлар Франция ва Италияда янграмоқда. Бундай ҳолатда Туркия ўзини хотиржам тутиши керак. ЕИ аъзоси бўлишни Туркия учун ягона имконият сифатида қарамаслик керак. Мен айтаман, Туркия нега "Шанхай бешлиги"да ўрин эгалламаслиги керак?», — деган Эрдўған..

Эрдўған  ШҲТга аъзо бўлиш масаласини Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан муҳокама этганлиги тўғрисида айтиб ўтган.

Мавзуга оид